Ўзбекистон | 22:35 / 30.03.2020
6142
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд карантин шароитида: 609 тонна картошка олиб келинди, ниқоб тикадиган янги цехлар ишга тушди

Самарқанддаги деҳқон бозорларида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Самарқанд вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоятга 609 тонна картошка олиб келиниши ташкиллаштирилди.

Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизматининг Kun.uzָ’га хабар беришича, Россиядан келтирилган бу картошкалар бозорларга 3000-3500 сўмдан сотиш учун тарқатилган.

Шунингдек, вилоят хокимлиги ёрдами билан вилоят дон корхоналари томонидан барча деҳқон бозорларида маҳаллий ун маҳсулотларини биржа нархларида (135-138,5 минг сўм) сотиш ташкил қилиниб, ҳар куни ҳар бир бозорга 2-3 тоннадан ун маҳсулотлари сотилмоқда.

Вилоятда фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан нархларни сунъий оширилишининг олдини олиш борасида Давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиммат нархларда сотаётган 54та ҳолат аниқланиб, тегишли чора кўрилган.

Департаментнинг ташаббуси билан Нуробод туманида Навоий кон металлургия комбинати Жанубий кон бошқармасига қарашли тикув цехида, Оқдарё туманида эса «Аср Имкон Текстил» МЧЖда биттадан ниқоб цехи ишга туширилган. Ҳар иккисининг кунлик қуввати 1000 донадан.

Вилоятнинг барча деҳқон бозорларида ижтимоий аҳамиятга эга 27 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг савдода бўлиши тўлиқ назоратга олинган, бу маҳсулотлар аҳоли эхтиёжига яраша барқарор нархларда етказиб берилмоқда.

Деҳқон бозорлари ҳудудларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Департаментнинг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан нарх-наво барқарорлиги назоратга олинган.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, савдо нуқталарига асосий маҳсулотлар мунтазам етказилаётганига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан эҳтиёжидан ортиқ, қоп-қоп картошка, пиёз, сабзи маҳсулотларини харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид