Ўзбекистон тарихида аввал ҳам карантин жорий этилгани маълум қилинди
1966 йилда Қорақалпоғистон Республикасида вабо касаллиги тарқалганда карантин тартиби жорий қилинган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.
«Ўзбекистон Республикасида аввал ҳам ҳозирги каби карантин тадбирлари жорий қилинган. Собиқ иттифоқ даврида – 1966 йилда Қорақалпоғистон Республикасида вабо касаллиги тарқалган. Айнан мана шу пайтда Ўзбекистон тиббиётининг кўплаб дарғалари, олимлари олиб борган самарали чора-тадбирлар натижасида касаллик Қорақалпоғистоннинг ўзида жиловланган, вабо бутун республика бўйича тарқалиб кетишига йўл қўйилмаган. Бу Ўзбекистон тиббиётининг салмоқли ютуқларидан бири ҳисобланади», дея Нурмат Отабековнинг сўзлари келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистоннинг бош санитар врачи коронавирус инфекциясини даволашда Ўзбекистон тиббиётида қўлланаётган усуллар ҳақида тўхталиб ўтди.
«Бу борада Ўзбекистон Республикасининг алоҳида даволаш стандарти ёки усули мавжуд эмас. Бундай ҳолатларда биз дунёнинг илғор тажрибаларига суянган ҳолда иш қиламиз. Албатта, ҳар бир қадамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари, таклифлари инобатга олинади. Бу борада орттирилган халқаро тажрибага, республикада қўлланилиб, ижобий натижалар берган даволаш усулларига, ҳар бир соҳанинг тажрибали мутахассислари фикрига таяниб иш тутилади.
Дейлик, мана шу жараённи телевидениеда ҳам кўряпсиз, ҳатто Вирусология илмий-текшириш институти билан бошқа илмий-амалий тиббиёт муассасалари ўртасида беморларни даволаш амалиётида телемедицина (телетиббиёт) тизимидан фойдаланилмоқда.
Беморларда кузатилаётган ҳар бир ҳолат бўйича масофадан туриб соҳа мутахассисларининг фикрини олиш мумкин. Масалан, пульмонология соҳасида маслаҳат керак бўладиган бўлса, у ҳолда Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, қайсидир беморда онкологик касалликлар аломатлари аниқланса, Республика онкология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг фикрини телетиббиёт орқали олиш мумкин», дейди у.
Мавзуга оид
18:52 / 19.09.2024
Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмади — ССВ
16:06 / 07.06.2024
"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
14:59 / 05.06.2024
“Болаларга чириган картошка едиришмоқда” – Нурмат Отабеков
18:11 / 13.12.2023