Жаҳон | 19:25 / 01.04.2020
15911
1 дақиқада ўқилади

ЖССТ Covid-19’дан тузалганлар сонини эълон қилишни тўхтатганига изоҳ берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бутун дунёда коронавирусдан тузалганлар сонини эълон қилишни бас қилди. Ташкилот вакили Тарик Язаревичнинг изоҳлашича, кўп давлатлар бундай маълумотларни узатишда тизимлиликка риоя қилмаётгани учун шундай қарор қабул қилинган.

Фото: REUTERS / Yves Herman

«Хитойдан ташқарида касалликдан тузалиш ҳолатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бизда турли манбалардан Covid-19’дан тузалганлик бўйича расмий тасдиқланган ягона маълумот олишнинг иложи бўлмаяпти. Чунки барча давлатлар ҳам ушбу маълумотларни бизга тизимли тарзда тақдим эта олмаяпти», — дея Язаревичнинг сўзларини келтирмоқда РИА Новости.

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, янги турдаги коронавирусга нисбатан иммунитет ишлаб чиқилаётгани борасида эпидемиалогик маълумотларни кўпроқ олиш, шунингдек, беморларнинг касалликдан тўлиқ фориғ бўлганини аниқловчи усулларни топиш керак.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирус юқтириб олганларнинг сони 884 мингдан ошган, 44 мингдан зиёд бемор вафот этган.

Covid-19 юқумли касаллигини чақирувчи SARS-CoV-2 коронавирусининг авж олиши Хитойнинг Уҳан шаҳрида 2019 йилнинг декабрь ойи охирларида илк бор қайд этилган.

2020 йил 11 март куни ЖССТ коронавирус пандемиясини эълон қилди.

Мавзуга оид