Соғлом ҳаёт | 18:37
517
2 дақиқада ўқилади

Ҳантавирус эпидемияси якунланиш арафасида - ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесуснинг айтишича, ҳантавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият барқарор бўлиб қолмоқда ва эпидемия якунланишига яқин.

Фото: REUTERS

Гебрейесус Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Нидерландия байроғи остида сузаётган MV Hondius йўловчи кемасида аниқланган ҳантавирус билан касалланиш ҳолатларига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, Жанубий Африкада эпидемия бошида касалликнинг иккита ҳолати аниқлангандан сўнг, касалланганлар билан алоқада бўлганларнинг барчасини кузатиш якунланган ва янги ҳолатлар қайд этилмаган.

«Карантин ва кузатув жараёнлари Испания ва Нидерландиядаги барча шахслар, шу жумладан MV Hondius экипажи учун якунланди. 25 июнь ҳолатига кўра, 30 нафар мулоқотда бўлган шахслар кузатув остида қолмоқда», деди ЖССТ раҳбари.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, ҳантавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатларининг умумий сони 13 та бўлиб, улардан учтаси ўлим билан якунланган.

«Вазият барқарор ва эпидемия якунланишига яқин», деди у ва инфекция тарқалишига қарши курашда иштирок этган барча мамлакатларга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Ҳантавирус нима?

Маълумки, ҳантавирус асосан кемирувчилардан, таркибида қуриган нажас заррачалари, кемирувчиларнинг сийдиги ёки сўлаги бўлган ҳаводан нафас олганда юқади. Вирус касалланган ҳайвон тишлаганда ёки тирналганда ҳам юқиши мумкин.

Касаллик юқори ҳарорат, чарчоқ ва мушак оғриқлари каби аломатлар билан кечади. Оғир ҳолларда нафас етишмовчилигига олиб келиши, шунингдек, ички қон кетишлар ва буйрак етишмовчилиги билан кечиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид