Жамият | 21:24 / 01.04.2020
73404
2 дақиқада ўқилади

ЎзФА коронавирусга қарши препарат «кашф этгани»ни айтган доришунос ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Kun.uz сайтида эълон қилинган, Ўзбекистонда яратилган препарат коронавирусни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида айтилган мақолага муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Раҳима Очилова томонидан ихтиро қилингани айтилган «Қуватин» ва «Ноглюкин» биофаол қўшимчалари технологияси аслида Ўсимлик моддалари кимёси институтида ишлаб чиқилган ва ҳеч қачон уларнинг вирусга қарши таъсири текширилмаган.

«2020 йил 1 апрель куни Kun.uz сайтида «Ўзбекистонда яратилган препарат коронавирусни тўхтатиши эҳтимоли мавжуд – Фанлар академияси тадқиқотчиси» сарлавҳали мақола нашр этилди.

Мақола муаллифи Наима Алиқулова ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида мустақил-изланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Унинг асосий иш жойи Ислом академияси академик лицейи ҳисобланади. Раҳима Очилова Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида 2004-2006 йилларда лаборант бўлиб ишлаган.

Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти маълумотига кўра, мақолада келтирилган «Қуватин» ва «Ноглюкин» биофаол моддаларининг ипак қурти пилласидан ажратиб олиш технологияси институт ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу биофаол қўшимчалар спорт тиббиёти учун мўлжалланган ва ҳеч қачон уларнинг вирусга қарши таъсири текширилмаган.

Шунингдек, «Сирицин» препарати диабет касаллиги учун биофаол қўшимча сифатида ишлатилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, ҳар бир яратилган дори воситаси белгиланган регламентлар асосида синовдан ўтказилади ва у билан боғлиқ жараёнлар «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ  амалга оширилади», дейилади Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ахборот хизмати муносабатида.

Мавзуга оид