Туркманистон «коронавирус» сўзини тақиқламаган
Туркманистонда «коронавирус» сўзи тақиқлангани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ, деб ёзади Euroasianet.
Аввалроқ, Американинг NPR (National Public Radio) радиостанцияси Туркманистонда «коронавирус» сўзи тақиқлангани, ҳатто уни тилга олган одамлар қамалиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни тарқатган эди. Шундан сўнг бу хабар дунё оммавий ахборот воситаларида яшин тезлигида ёйилди.
Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус юқтириб олган одамлар йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Бу ахборотни тасдиқлаш ёки рад қилиш имконияти йўқ, чунки мамлакат юқори даражада ёпиқ бўлиб қолмоқда.
Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов шу пайтгача «коронавирус» сўзини тилга олмади. Мос равишда давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари ҳам бу сўзни ишлатмай келмоқда. Бундан ташқари, аҳолига коронавирус эпидемиясининг олдини олиш чоралари тўғрисида маълумот берувчи брошюраларда ҳам инфекциянинг номи ишлатилмаган. Бироқ, бу «коронавирус» сўзини ишлатиш тақиқланганини англатмайди.
Шундай бўлса-да, мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, 25 март куни TDH ахборот агентлиги Хитой, Туркия, Россия ва Беларусда таълим олаётган минглаб туркманистонликларни ватанига қайтариш бўйича чартер рейслари ташкил этилишини эълон қилди. Бундан ташқари, коронавирус тарқалган мамлакатлар билан авиақатновлар тўхтатилди. 1 апрель куни БМТнинг Ашхободдаги офиси ҳукумат билан ҳамкорликда коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини ишлаб чиқаётганини эълон қилди.
«Бердимуҳаммедов Туркманистон ташқарисидагиларга ғалати шахсдек кўриниши мумкин. Аммо мамлакат ичида унинг гапи – қонун: агар у «коронавирус» сўзини тилга олмаётган бўлса, демак ҳеч ким уни айтишга ботинолмайди», - деб хулоса қилди Eurasianet нашрининг Марказий Осиё бўлими муҳаррири Питер Леонард.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
13:35 / 08.10.2024