Ўзбекистон | 14:33 / 02.04.2020
12269
2 дақиқада ўқилади

Экспортчилар уюшмаси йирик тадбиркорлар ва экспортёрларнинг мутахассисларига махсус рухсатнома олишда кўмаклашади

Йирик тадбиркорлар ва экспортёрлар ҳам Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси орқали транспорт ҳаракати учун талаб этиладиган махсус рухсатнома олиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раисининг жамоатчилик масалалалари бўйича маслаҳатчиси Фотима Қўчқорова Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2 апрель кунидан кучга кирган келишувга кўра, уюшма Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига стикер олишга рухсат сўраётган йирик корхоналар ва тадбиркорларнинг зарурий мутахассисларининг автомашиналарига истисно тариқасида руйхатини тақдим этади. Шундан сўнг тасдиқланган ҳужжат Адлия вазирлигига киритилади.  

Бунинг учун стикер олишга талабгор юридик шахс корхона номи ва иш фаолияти нимадан иборатлиги тўғрисида аризани киритиши лозим. 

Уюшмага қилинган мурожат эса маълум муддат оралиғида кўриб чиқилади ва барча талабларга жавоб берсагина стикер олувчилар рўйхатига киритилади. 

Фото: Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси матбуот хизмати

«Айни мавзуда уюшмага кунига 400дан ортиқ мурожаат ва саволлар келиб тушаётганини ҳисобга олган ҳолда масалага жиддий эътибор қаратилди. Бу имкониятдан қўштирноқ ичидаги «уддабурон тадбиркорлар» фойдалана олмасликлари учун, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси аниқ маълумотларга таяниб аризаларни кўриб чиқади ва «премиум класс»даги автомобиллар стикер олувчилар рўйхатига киритилмайди», дейди уюшма вакили.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид