Унга кўра, 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари кун давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксилар ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши белгиланган.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарорига биноан махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланганди.

Шунга кўра, қуйидаги тоифа автомашиналарга шанба ва якшанба кунлари ҳаракатланиш учун рухсат берилади:

1) махсус рухсатнома (стикер)лари бор машиналар;

2) махсус рухсатнома (стикер)сиз юриш ҳуқуқига эга бўлган автомашиналар:

  • Соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари.
  • Фармацевтика маҳсулотлари (дори воситалари ва тиббий буюмлар) ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.
  • Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари.
  • Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга.
  • Етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситалари.
  • Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг махсус автотранспорт воситалари.
  • Олий Мажлис палаталари, суд ва прокуратура органлари, Ҳисоб палатаси, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатасининг хизмат автотранспорт воситалари.