Филиппин президенти карантинни бузганларни отишга рухсат берди
Филиппин президенти Родриго Дутерте полиция ва ҳарбийларга коронавирус тарқалиши олдини олиш учун киритилган карантин тартибини бузганларни отишга рухсат берди.
Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Жумладан, Дутерте тартибсизликлар уюштирувчиларни ёки озиқ-овқат тарқатилишига халақит қилувчиларни ҳам ўққа тутишга рухсат берган.
“Менинг полиция, ҳарбийлар ва барангайларга [даҳалар] буйруғим шундан иборатки, карантинга амал қилмайдиганларни бошқариб бўлмаса ва улар қаршилик кўрсатишни бошласа ҳамда ҳаётингизга хавф туғилса, уларни отиб ташланг”, деб айтган Дутерте.
Шу билан бирга президент сўл гуруҳларни озиқ-овқат тақчиллиги ортида исён кўтаришнинг оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирган.
Аввалроқ мамлакат пойтахти Манилада ҳукуматдан озиқ-овқат масаласида ёрдам бериш талаби билан норозилик акциялари бўлиб ўтган.
Охирги маълумотларга кўра, Филиппинда 2633 киши коронавирусга чалинган, 107 киши ундан вафот этган.
Қоидабузарларга қарши қаттиққўл чоралар кўриши билан маълум бўлган Дутерте аввалроқ оғуфурушларни ва порахўр амалдорларни отишга рухсат берганди.