Ўзбекистон | 23:41 / 03.04.2020
13803
2 дақиқада ўқилади

Президент кейинги чоракларда муаммо бўлмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирди

Президент коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда жойларда деҳқончилик ишлари ҳам тўхтаб қолмаслиги кераклиги, фермер ва деҳқонларнинг олдида катта масъулият тургани ҳақида гапирди.

Давлат раҳбари айниқса, касаллик етиб бормаган ҳудудларда деҳқончилик ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган. Бу борада ҳудудий раҳбарлар масъулиятни қўлга олиши, хавфсизлик ва санитария қоидаларига риоя қилиши мақсадга мувофиқлиги айтилган.

Президент экспорт ҳам тўхтаб қолмаслиги кераклигини қайд этган.

Бу жараённи занжирга қиёслаган президент ички бозордан ортган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги юзасидан масъулларга топшириқ берган. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бугунги кунда темир йўл хизматидан фойдаланишни энг яхши чора сифатида баҳолаган.

«Биринчи чорак ўтди. Биз бугун барча соҳаларни бирдек олиб бормас эканмиз, иккинчи-учинчи чоракда қийин аҳволга тушиб қолишимиз мумкин. Бугун айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасига, тадбиркорларимизга зарур имконият яратиб берсак, ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Президент кичик бизнесни ривожлантиришга ҳам тўхталиб, тадбиркорлар билан ишлашда Боёвут туманида яхши тажриба қўлланаётганини эътироф этган.

Масалан, ҳозирги вақтда туманда 2200га яқин тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Ҳамма тадбиркорлар бир тармоққа уланган. Улар тўртта секторга бириктирилган. Энди қайси тадбиркорда қандай муаммо пайдо бўлса, сектор раҳбарига мурожаат қилади ва масала тегишли тартибда бартараф этилади.

Йиғилишда бу тизимнинг самарали эканлиги ва мамлакат бўйлаб оммалаштирилиши ҳақида гапирилган.

Мавзуга оид