Ўзбекистон | 14:31 / 03.04.2020
49069
2 дақиқада ўқилади

Уй шароитидаги карантин қай тартибда бекор қилиниши маълум қилинди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантиндан чиқарилиши тартиби ҳақида маълумот берди.

Фото: KUN.UZ

«Уй шароитидаги карантинга олинган шахсда касаллик аломатлари аниқланмаганда, изоляция 14 кундан сўнг якунига етади. Бунинг учун ўз уйида изоляцияга олинган шахсдан карантин муддатининг 10-кунида қон намунаси олинади; лаборатория таҳлиллари натижасида беморнинг қонида юқмагани тасдиқланса, белгиланган муддатда карантин якунига етади.

Лаборатория таҳлили натижаларига асосланиб, фуқаронинг яшаш жойидаги амбулатор-поликлиника муассасаси томонидан унинг карантиндан олингани ҳақида маълумотнома берилади», деди Нурмат Отабеков 3 апрель кунги брифингда.

У, шунингдек, коронавирусга чалинганларнинг касалликдан тузалгани қандай аниқланиши, соғайиб кетган одамларнинг танасида вирус сақланиб қолиш-қолмаслиги бўйича ҳам маълумот берди.

«Кетма-кет икки кун давомида касалликнинг ҳеч қандай симптомлари кузатилмаган ҳамда COVID-19 учун топширилган таҳлилларда коронавирус аниқланмаган беморлар соғайган ҳисобланади.

Хитой тадқиқотчиларининг аниқлашича, коронавирус аломатлари йўқолгандан кейин камида икки ҳафта давомида баъзи одамларнинг танасида вирус қолиши мумкин экан», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид