Навоий вилоятида ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг тезкор ҳаракати туфайли 1 ёшли қизалоқ ҳаёти сақлаб қолинди
Навоий шаҳрида ўрнатилган муваққат постда хизмат қилаётган пост патрул хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқараси ходимларининг тезкор ҳаракати туфайли 1 ёшли қизалоқ ҳаёти сақлаб қолинди.
3 апрель куни кеч соат 9 лар атрофида Кармана туманидан Навоий шаҳри ҳудудига ўтувчи муваққат постда вилоят маркази томон ҳаракатланиб келаётган енгил машина тунги навбатчиликда ўз хизмат вазифасини ўтаётган Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ 1-отряд сафдор ходими Равшан Азизов ҳамда Миллий гвардия ходими Ҳожиакбар Болтабоевларнинг диққатини тортган.
Машина ходимлар томонидан тўхтатилганда, фуқаро Латиф Йўлдошев рафиқаси билан биргаликда ҳушсиз ҳолатдаги 1 ёшли қизини шифохонага олиб бормоқчи эканлиги маълум бўлган.
Навоий вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, қизалоқнинг ҳаёти тобора хавф остида қолаётганлигини пайқаган Р.Азизов ҳамда Ҳ.Болтабоев ўша вақтнинг ўзида зудлик билан унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиб, ўз хизмат машинасида тезлик билан ҳаракатланиб, беморни вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб боришади.
Шифохонанинг олий тоифали шифокори Бобомурод Пардаевнинг маълум қилишича, ҳушсиз ҳолатда касалхонага етказилганида чақалоқнинг ҳарорати 39.5 даража бўлган. Икки дақиқалик кечикиш ҳам аянчли оқибатларга олиб келиши муқаррар эди. Айни пайтда зарур муолажалар туфайли қизалоқ ҳаётга қайтди, унинг саломатлиги яхши, ўзи шифокорлар назоратида.