Ўзбекистон | 14:34 / 06.04.2020
31397
1 дақиқада ўқилади

Хусусий лаборатория ходимларини уйга чақириб, коронавирусга тест топшириш мумкинми?

Шахс ўзида касаллик симптомларини сезмаса ҳам, профилактика мақсадида коронавирусга текширувдан ўтиш учун хусусий лаборатория ходимларини уйга чақириши мумкинми?

Фото: iz.com.ua

Ушбу саволга 6 апрель куни ўтказилган брифингда Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков жавоб берди.

«Коронавирусга текширилиши керак бўлган аҳоли кўп бўлгани туфайли ҳозир хусусий лабораториялар имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда.

Лекин хусусий лабораторияларнинг коронавирус учун таҳлил намуналарини олиш жараёнида ҳам ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари қошидаги вирусология лабораториялари ходимлари иштирок этяпти. Ўша намуналар хусусий лабораторияларда текшириб берилади.

Лаборатория ходимлари уйга келиб, уй шароитида таҳлил ўтказишлари мумкин эмас. Ўзбекистон шароитида томоқдан, бурундан олинган суртмалар вирусология лабораторияларига юборилиб, фақатгина шу ерда ПЦР (полимераз занжирли реакция) усулида ташхис қўйилади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, 26 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий лабораторияларда ҳам коронавирусни аниқлаш учун тадқиқотлар ўтказилишига рухсат берилган ва бундай текширувлар бепул амалга оширилиши белгиланган эди.

Мавзуга оид