Хориждаги талабалар масаласи кўриб чиқилмоқда – ТИВ
Ватанга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, маълумотлар чартер рейсларини ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилган.
Бугун, 7 апрель куни АОКА қошидаги махсус штабда бўлиб ўтган онлайн брифингда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметов чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши масаласига ойдинлик киритди.
Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, ТИВ томонидан ватанга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, маълумотлар чартер рейсларини ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилган.
«Шунингдек, қатъий карантин чоралари жорий қилинган, вақтинча мамлакатга кириш-чиқиш тўхтатилган бир шароитда чет элдаги талабалардан шахсий гигиена қоидаларига амал қилишларини, яшаб турган жойларини тарк этмасликларини, ўзлари жойлашган давлатларининг расмий идоралари томонидан жорий қилинган тартибларга риоя қилишларини сўраймиз», - дея талабаларга мурожаат қилди ТИВ вакили.
Авазбек Ҳожиметовнинг қўшимча қилишича, ҳозир хорижда бўлиб турган фуқаролар, жумладан, талаба ёшларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун чет элдаги барча элчихоналар ва консуллик муассасалар ҳузурида тезкор штаблар ҳам ишлаб турибди.
Брифинг чоғида Ташқи ишлар вазирлиги вакили хориждаги фуқаролар ҳақидаги хабарларни текширмасдан тарқатмасликни сўради.
«Фейк хабарлар кўп, шунинг учун турли сайтлар ва интернет нашрларига бирор маълумотни тарқатишдан олдин уни расмий ресурслардаги ахборотлар орқали текшириб кўриш муҳим», дейди Авазбек Ҳожиметов.
У айрим шахслар томонидан хориждаги фуқаролар орасида қийин аҳволга тушиб қолганлиги учун дипломатик ваколатхоналаримиздан ёрдам сўралган турли мурожаатларни тарқатиш ҳоллари кўпайиб бораётганини қайд этган.
«Бу каби маълумотларни тарқатаётган шахслар билан боғланиш, воқеа жойига бориб муаммони аниқлаш ва чет эл ваколатли идоралари билан алоқа ўрнатиш учун элчихона ва консулхоналаримиз ходимлари катта ресурс ва кўп вақт сарфламоқда. Шунча вақт сарфлаб ўрганилганда эса хабар ёлғон бўлиб чиқяпти. Мурожаат тарқатган фуқаро билан учрашув чоғида асоссиз ахборот тарқатганлиги учун узр сўраяпти холос», дейди у.
Мавзуга оид
21:10 / 09.01.2021
Янги тартиб бўйича талабалар қанча миқдорда стипендия олади?
10:59 / 22.12.2020
Бош вазир рухсати билан яна гидроксихлорохин олинмоқда. Талабалар бу шубҳали дорини қабул қилишга мажбурми?
17:46 / 21.12.2020
Жиззах пединститутнинг тарих факультети шаҳардан ташқарига кўчирилди: бундан талабалар бироз норози
16:32 / 18.12.2020