Хусусий нотариуслик фаолияти билан шуғулланиш шартлари маълум қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 апрелдаги 199-сонли қарори билан хусусий нотариал амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари тасдиқланди.
Ҳужжатда белгиланишича, хусусий нотариуслар шартнома тузмасдан туриб ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.
Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта суммаси:
- Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятларнинг маъмурий марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг камида минг бараваридан;
- бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз бараваридан кам бўлиши мумкин эмас.
Бундан мақсад нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсларга ёки нотариал фаолиятни амалга оширишдаги учинчи шахсларга нотариуснинг хатти-ҳаракатлари натижасида зарар етказиладиган бўлса, зарар мажбурий суғурта суммаси ҳисобидан қопланади.
Нотариуслар фуқаролик жавобгарлигининг қуйидагилар оқибатида юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:
– нотариусга мурожаат қилган шахс томонидан нотариал ҳаракат амалга ошириш билан боғлиқ ёлғон маълумотлар, ҳақиқий бўлмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилиши;
– агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахс нотариусга ушбу нотариал ҳаракат ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатиш мумкин бўлган учинчи шахсларнинг йўқлиги ёки мавжудлигини билдирмаган бўлса.
Мажбурий суғурта шартномасида суғурта қилдирувчи нотариал ҳаракатларни амалга оширганда наф олувчига етказилган зарар туфайли келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича суғурта тўловларини амалга ошириш назарда тутилади, маънавий зарар, бой берилган фойда ва жарима тўловлари бундан мустасно.
Ҳукумат қарорида қайд этилишича, хусусий нотариуслар мажбурий суғурта шартномасини тузиш учун суғурталовчини ихтиёрий танлайди. Мажбурий суғурта шартномаси 1 йил муддатга тузилади.
Шартнома бўйича суғурта мукофотининг ҳажми томонларнинг келишуви билан белгиланади, бироқ бу миқдор шартномада белгиланган суғурта суммасининг 1 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Мавзуга оид
12:25 / 01.07.2024
Нотариусга бормасдан амалга ошириладиган нотариал ҳаракат турлари кўпайди
11:57 / 04.04.2024
Энди фарзандни чет элга олиб чиқишда розилик хатини олиш учун нотариусга бориш шарт бўлмайди
18:16 / 18.01.2024
Автомобилни нотариусга бормасдан сотиш имконияти жорий қилинди
13:28 / 16.12.2023