Тошкентда карантин қоидаларини бузган яна бир шахс 15 суткага қамалди
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманини боғловчи чегара постида карантин қоидаларини бузган ва ИИБ ходимларини ҳақорат қилган фуқаро 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
«2020 йил 3 апрель куни соат 02:30лар атрофида фуқаро Ф.Шарипов (1988 йилда туғилган) мамлакатда эълон қилинган карантин қоидаларига амал қилмаган ҳолда жамоат жойида ниқобсиз, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ва Тошкент вилояти Қибрай тумани ўртасида ташкил қилинган блок постида маст ҳолда ҳар хил уятли сўзлар билан бақир-чақир қилиб, шу жойда хизмат бурчини ўтаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда шу ҳудудда яшовчи фуқароларнинг тинчлигини бузиб, ички ишлар органлари инспекторларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни уятли сўзлар билан ҳақоратлаган», дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.
Ҳуқуқбузарликка оид иш Бўстонлиқ туман маъмурий судида кўриб чиқилиб, Ф.Шарипов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган деб топилди.
Суднинг 8 апрель куни чиқарган қарори билан унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
«Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугун юртимизда аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида карантин тартиби жорий этилган. Бу тартибга қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Карантин тартибини бузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, жамоат тартибини бузиш эса муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади. Буни унутишга ҳеч қайсимизнинг ҳаққимиз йўқ», деб эслатади Олий суди матбуот хизмати.
Мавзуга оид
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
21:57 / 23.07.2024
Олий суд фуқаронинг ижтимоий норма бўйича шикоятини қабул қилмади
22:11 / 19.07.2024