Жамият | 20:21 / 09.04.2020
10342
3 дақиқада ўқилади

Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича президент қарори имзоланди

Ўзбекистон президенти “2020—2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Фото : KUN.UZ

Қарор билан, 2020—2022 йилларда Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланди.

Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

• туманнинг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин ва ўрта истиқболдаги шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш; 

• туман марказининг меьморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, тарихий қисмини реконструкция қилиш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш;  

• тадбиркорларни жалб этган ҳолда, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантириш; 

• муҳандислик-коммуникация, хусусан, ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, туман марказидаги массивларда замонавий тунги ёритиш ускуналари ва чироқларини ўрнатиш;

• ички ва туманлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортининг янги йўналишларини очиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш; 

• олий таълим хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, технологиялар, рақамли иқтисодиёт ҳамда меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

• ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, жиҳозларини янгилаш, ҳудудларини ободонлаштириш, мутахассислар малакасини ва хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ҳамда бу соҳада хусусий сектор улушини кўпайтириш; 

• замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

• суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадал ривожлантириш; 

• солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини ошириш.

Мавзуга оид