Ўзбекистон | 14:45 / 09.04.2020
2777
2 дақиқада ўқилади

ОТМ илмий анжуманлари онлайн шаклга ўтказилади - вазирлик 

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев ОТМ илмий анжуманлари қолдирилмаслиги, бундай тадбирлар онлайн тарзда ўтказилишини маълум қилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

«ОТМ илмий анжуманлари қолдирилмайди, онлайн шаклда ўтказилади. Бунда тезислар ва маърузаларни қабул қилиш, уларни етакчи олимлар томонидан таҳририй қайта ишлаш, тўпламларни чоп этиш замонавий ахборот коммуникацияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Яъни, анжуманда қатнашиш учун ташкилотчилар ва иштирокчиларнинг уйидан чиқиши талаб этилмайди.

 Яқин кунларда ҚҚДУ, БухДУ, ТДПУ, ҚўқонДПИ, НавДПИ ва бошқа ОТМларда онлайн анжуманлар ўтказиш режалаштирилган. Масалан, бугун, 9 апрель куни, Низомий номидаги ТДПУда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таваллудининг 684 йиллигига бағишлаб «Cоҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни» мавзусида онлайн конференция ўтказилмоқда.

Халқаро анжуманларни ҳам шу тартибда ўтказиш режалаштирилган. Масалан, жорий йил 19-20 май кунлари БухДУда «Ислом цивилизациясида Бухоро маънавий-маърифий меросининг умумбашарий аҳамияти» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман онлайн тартибда ўтказилиши эълон қилинган. Онлайн анжуманлар тўғрисидаги янгиликларни вазирлик расмий веб-сайти ва телеграм каналини кузатиб бориш тавсия этилади», деди Бабашев.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид