Жаҳон | 10:50 / 09.04.2020
6725
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон муфтияти барча мусулмонларни жума куни коронавирусдан ҳимоя қилишни сўраб дуода бўлишга чақирди

Қозоғистон муфтияти бутун дунё мусулмонларини 10 апрелда Аллоҳдан инсониятни коронавирус пандемиясидан халос этишни сўраб умумий дуо қилишга чақирди. Бу ҳақда ушбу акцияда иштирок этадиган Татаристон мусулмонлар диний бошқармаси маълум қилди.

«Татаристон мусулмонлар диний бошқармаси Қозоғистон муфтиятининг инсониятга хавф солаётган коронавирусдан ҳимоя қилишни сўраб дунёнинг барча бурчакларида бир вақтда дуода бўлиш ташаббусига қўшилади», дейилган хабарда.

Татаристон муфтийси Камил Самигуллиннинг таъкидлашича, унга бундай таклиф билан Қозоғистон муфтийси Наврузбай ҳожи Утпинов мурожаат қилган.

«Қардош халқ муфтийси ислом дунёсининг барча диний арбоблари, мадрасадаги домлалар, Қуръон ҳофизлари ва бутун мусулмон умматини барча одамлар ҳаққига бир вақтда дуода бўлишга чақирди», дейилган Самигуллин баёнотида.

Татаристон муфтийси ўз мурожаатида «бутун дунёдаги турли миллатдаги мусулмонлар яратгандан ёрдам ва раҳм-шафқат сўрашда бирлашишлари лозимлиги»ни айтган. 

«Мен Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасининг келаётган жума куни, 10 апрелда, пешин намозидан кейин дунёдаги барча одамлар, хусусан мусулмонлар ҳаққига бир вақтда дуода бўлиш таклифини мамнуният билан қабул қилдим. Бу акция «Биз – биргамиз, бизда дуо учун умумий мақсад бор» шиори остида ўтмоқда. Барча диний арбобларни ва бутун мусулмон умматини умумий дуога қўшилишга ва у ҳақда танишларига хабар қилишга чақираман», деган Самигуллин.

Мавзуга оид