Кеча президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Татаристон раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги жадал савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Иккала томон саноат, инвестиция лойиҳалари, ҳудудлар даражасидаги тўғридан тўғри ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.
Учрашувда халқлар ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда энг кўп сонли татар диаспораси истиқомат қилади, бу эса тарихий яқинлик ва маданий муштаракликка асос бўлиб хизмат қилади.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида, Татаристон Россияда Ўзбекистоннинг энг йирик таълим шерикларидан бири экани, бу минтақада 3,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олаётгани қайд этилди.
Саида Мирзиёева самимий қабул ва очиқ мулоқот учун миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик келгусида янада ривожланиши ва мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирди.















