Жамият | 18:36 / 09.04.2020
12873
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда карантин тартибини бузиб, ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатган шахс уй қамоғига олинди

ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатиб, улардан бирига тан жароҳати етказган фуқаро эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига олинди.

8 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида 2 апрель куни мазкур туман ҳудудида карантин тартибларини бузиб, ички ишлар бўлими ходимларига қаршилик кўрсатган ҳолда уларга тан жароҳати етказган фуқаро устидан суд жараёни бўлиб ўтди.

«Шу йил 2 апрель куни соат 12:30ларда фуқаро П.П. Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида бўла туриб, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши жорий этилган карантин қоидаларини бузганлиги сабабли Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҲПБ профилактика инспектори Ф.Иброҳимов томонидан тўхтатилган.

Инспекторнинг жамоат жойларида ниқобсиз юриш мумкин эмаслиги юзасидан берган оғзаки танбеҳига ва ниқоб тақиши лозимлиги ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан ўз йўлида давом этгани боис, уни ИИО ФМБга олиб бориш ва содир этилган ҳуқуқбузарлик учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш чоралари кўрилган. Шунда П.П. инспектор Ф.Иброҳимовнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик қилиб, унга тан жароҳати етказиб, хизмат кийими ва алоқа воситаларига шикаст етказган. ИИО ФМБга олиб келинганда ҳам ўз ҳаракатларини давом эттириб Ф.Иброҳимов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини ҳақоратлаб, қўли билан уларни уриб, ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл бермасдан бўлимдан чиқариб юборишни талаб қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Яккасарой туман прокуратураси томонидан П.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган ва 8 апрель куни унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилинган. Шу куни туман прокурори томонидан айбланувчига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритилган.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси Т.Обидовнинг 2020 йил 8 апрель куни чиқарган ажримига мувофиқ айбланувчи П.П. га нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган», деб хабар бермоқда Олий суди матбуот хизмати.

Мавзуга оид