Жамият | 23:40 / 10.04.2020
29156
6 дақиқада ўқилади

«Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак» – Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказидан репортаж

Республика махсус комиссиясининг 30 мартдаги қарори билан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилган эди.

Марказда аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида 1197 қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилди. Ягона алоқа марказига Ёшлар иттифоқининг кўнгилли ёшлари жалб этилган бўлиб, аҳолидан тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан рўйхатга олинмоқда.

Биргина Тошкент шаҳридаги колл-марказга жами 10 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, (1-кунда – 787 та, 2-кунда – 1 190 та, 3-кунда – 2057 та), ушбу мурожаатлар электрон дастур орқали ҳар бир туман бўйича тузилган ишчи гуруҳларга юборилмоқда.

Туманлардаги ишчи гуруҳлар аъзолари маълумотларни умумлаштириб, манзилли рўйхат асосида аҳоли учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, гуруч, картошка, ёғ, пиёз, макарон, шакар)ни 30та Damas автомашинаси орқали манзилларига етказмоқда.

Ягона алоқа марказига мурожаат қилган шахснинг географик локациясига мувофиқ, мурожаат ҳудудлардан бирига автоматик йўналтирилади. Масалан, Тошкент шаҳридан 1197 рақамига мурожаат қилган шахс пойтахтда ташкил этилган марказ билан боғланади.

Колл-марказ кўнгиллилар гуруҳи координатори Камола Сафарованинг айтишича, ёшлар ҳар бир мурожаатни диққат билан ўрганиб, мулоқотдаги шахснинг маълумотларини электрон базага киритмоқда.

«Бу ерда кўнгиллилар гуруҳи бўлажак шифокор-талабалардан тузилган. Чунки карантин даврида мунтазам даволанишда бўлган аҳолининг дори-дармонга, тиббий-гигиеник воситаларга ҳам талаби бор. Бу масалада талабалар яхши кўмакчи бўлмоқда. Аммо юзага келган мураккаб вазиятни биз ҳам яхши англаймиз. Шунга қарамай, жавоб бериш имконсиз бўлган саволлар ҳам билдирилмоқда. Ҳозир ўрнатилган тартибларга риоя қилиб, барчамиз карантин даврини сабр билан ўтказишимиз керак», дейди у.

Марказда навбатдаги мурожаатни базага киритган Элдор Шерматов Kun.uz билан суҳбатда фаолиятида юзага келаётган қийинчиликларни гапириб берди.

«Озиқ-овқатга эҳтиёжи бўлиб, мурожаат қилган одам ўз яшаш манзилини билмайди ёки кўчаларнинг собиқ номини айтади. Мен базага буни кирита олмайман. Маълумотларни ойдинлаштиргунча, кўп вақт йўқотиляпти.

Айримлар эса мулоқот учун атайин ёши катта одамларга гўшакни беради. Улар секин гапириши, саволларга аниқ жавоб бермаслиги ҳисобига бошқа мурожаатчиларга хизмат кўрсатиш қийин бўляпти», деди у.

Унинг айтишича, ҳар бир мурожаатни ўрганиб, озиқ-овқатни етказиб бериш учун 1-2 кун ўтади. Шу вақт оралиғида яна қайта мурожаат этувчилар ҳам учрамоқда.

«Бир марта ёрдам олган одам кейинги 10 кун давомида мурожаат қилиши мумкин эмас. Негаки, кўрсатилган ёрдам 10 кунга етарли миқдорда тақсимланган», дея қўшимча қилди Элдор.

Kun.uz'га маълум бўлишича, карантинга қадар аҳолига моддий ёрдам яшаш турмуш тарзини ўрганиб, оилавий шароитидан келиб чиқиб белгиланган бўлса, айни пайтда 1197 қисқа рақамига мурожаат этувчининг моддий аҳволи, оилавий шароити суриштирилмайди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонованинг билдиришича, вазиятнинг мураккаблиги шундаки, шу пайтга қадар даромад қилиб, бирор юмуш билан банд бўлган аҳоли ҳам карантин қоидасини бузишга ҳаққи йўқ.

«Марказни ташкил этишдан мақсад ҳам шу: кимдир ийманиб ёрдам олишга уялади, бошқа оила шижоат билан олади. Якка тартибдаги хайрия ишлари карантин қоидаларига зид келади. Хайриячининг турли хонадонларга кириб бориши, махсус ҳимоя кийимларисиз бўлиши вазиятни оғирлаштиради.

Шунингдек, аҳоли жамият ғамхўрлигига муҳтож экан, ҳеч ким давлат назаридан четда қолмаслиги лозим», деди у.

Тартибга кўра, аҳолига ун, гуруч, картошка, ёғ, пиёз, макарон, шакар чекланган миқдорда етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, ҳомийларнинг хайрия маблағлари эвазига товуқ гўшти ва тухум ҳам тарқатилмоқда. Айрим пайтларда ширинликлар, сариёғ ва бошқа неъматлар ҳам саватчага қўшиляпти.

Буларнинг барчаси ҳомийлар қўшадиган маблағга боғлиқ. Шунга қарамай, 7 турдаги озиқ-овқат ҳар бир саватда бўлиши давлат томонидан таъминланган.

Келтирилган картошкани тақсимлаётган кўнгилли Абдураҳмон Фозиловдан иш устида фикрларини сўрадик.

«Картошкани тарозида ўлчаб, бировнинг ҳаққи қолиб кетмаслигига интиляпмиз. Маҳсулотнинг яроқсиз, чириганлари олиб ташланяпти. Имкон қадар халқимизни хурсанд қилиш учун беминнат хизматдамиз», дейди у.

Марказга келтирилаётган озиқ-овқатни тақсимлаш ва қадоқлашдан ташқари, кўнгиллилар гуруҳига тушлик тайёрлаб тарқатаётган «Меҳрли қўллар» гуруҳи аъзолари ҳам иш билан банд.

Марказда биз суҳбатда бўлганларнинг барчаси аҳолини карантин даврида иложи борича уйдан чиқмай, касаллик тарқалишига қарши курашишда жипслашишга чақириб қолди. Агар уйда қолиб, кимдир овқатга муҳтожлик сезса, улар ҳеч иккиланмай ёрдам беришга тайёр.

Репортажни якунларканман, бир ўй-фикр тинмай чарх ура бошлади. Марказга мурожаат этиб, муҳтожликда озиқ-овқат сўраш тиламчилик ё боқимандалик саналмайди. Бу – бугуннинг талаби. Гарчи йўловчи ташиб, кунлик даромад қилган бўлсангиз ҳам, дўкон очиб савдолар юришиб турган бўлса-да, энди карантин туфайли бу ишлар вақтинча тўхтатилган. Бир халқ бўлиб, карантинда ўтиришга мажбурмиз, лекин ҳеч қачон давлат ва жамият эътиборидан четда эмас.

Алишер Рўзиохунов.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид