Жаҳон | 19:41 / 10.04.2020
9819
2 дақиқада ўқилади

«Сўнгги 75 йилликдаги энг жиддий синов билан тўқнаш келишимиз мумкин» – БМТ бош котиби

Бирлашган Миллат Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш COVID-19 пандемиясини дунё тинчлигига таҳдид ўлароқ баҳоламоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. Фото: Getty Images

The Guardian`нинг ёзишича, Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашини пандемия ижтимоий тартибсизликлар ва зўравонликни кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Унинг фикрича, ижтимоий тартибсизлик ва зўравонликларнинг кучайиши ўз навбатида дунё ҳамжамиятининг касалликка қарши курашиш қобилиятини ҳам пасайтириш мумкин.

«Бу – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилганидан буён ўтган 75 йиллик даврдаги энг жиддий синов. Аллақачон халқаро, минтақавий ва миллий низоларни ҳал этишда тўсқинлик қилмоқда», – деган Гутерриш.

БМТ раҳбари пандемияни халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий таҳдид деб ҳисобламоқда.

Унинг сўзларига кўра, пандемия – фавқулодда террор хуружлари, жамоат институтларига ишончнинг йўқолиши, иқтисодий беқарорлик, сайлов ва референдумларнинг кечиктирилиши оқибатида келиб чиқадиган сиёсий тангликка ҳам сабаб бўлиши эҳтимол. Натижада инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Бош котиб ўз баёнотида Хитой ва Тайван ўртасидаги низоларнинг чуқурлашишига эътибор қаратган. Бундан сал олдинроқ Хитой расмийлари Тайванни «вирусдан мустақиллик учун фойдаланиш»да айблаган эди.

 

Мавзуга оид