Жамият | 18:12 / 11.04.2020
12283
2 дақиқада ўқилади

Ҳужжатлардаги гранулалар 11 миллиард сўмлик кийим-кечак экани аниқланди

Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари божхона тўловларидан қочиш мақсадида импорт қилинган товар-моддий бойликлар расмийлаштирувига тақдим этилган ҳужжатларга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ навбатдаги қонунбузилиш ҳолатларини фош этишди. 

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Қўмита ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу тадбир Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган. 

Таъкидланишича, Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирига хориждан олиб келинаётган юк контейнери «Чуқурсой техник идора»  темир йўл чегара божхона постидаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, юкларнинг тасвирлари билан унга тегишли ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида тафовут борлиги маълум бўлди.

«Ваҳоланки, мазкур контейнерларда ҳужжатларга мувофиқ «Гранулаланган полипропилен»  товарлари бўлиши керак эди. Аммо, кўрик жараёнида бутунлай бошқа манзара намоён бўлди. Мазкур контейнерлар аёллар ва эркаклар кийимлари билан лиқ тўла эканлиги фош бўлди», - дейилади ахборотда. 

Тадбир давомида ушбу 737 400 дона аёллар ва эркаклар кийимларининг умумий қиймати 11,06 миллиард сўмни ташкил этиши ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қонунбузарлар бу ҳаракати билан салкам 4,5 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини четлаб ўтишга уринганлиги билдирилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид