Ўзбекистон | 13:55 / 11.04.2020
14198
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида карантинга олинганларга 16 апрелдан бошлаб жавоб берилиши мумкин

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков навбатдаги брифингда ижтимоий тармоқда Юқори Чирчиқ туманидаги махсус шифохонада шароитлар талаб даражасида эмаслиги борасида тарқалган фикрлар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: KUN.UZ

«Албатта, бундай қисқа муддатда жуда катта иш қилинди. Ҳозир ҳаммани ўша шифохонага, имкон қадар қулай шароитда жойлаштириш учун барча ишлар қилиняпти. 

Шаҳар ҳокими ҳар куни ўша жойга бориб қаерда қандай камчилик бўладиган бўлса уларни бартараф қилиш учун ҳаракат қиляпти. 

Бу ўткинчи муддат. Жуда кўп нарса талаб қилишимиз ҳам мантиқан тўғри эмас», деди Нурмат Отабеков. 

Шунингдек, 22 март куни Россия Федерациясидан Хоразм вилоятига олиб келинган фуқароларнинг карантин муддати ҳамон тугамагани тўғрисидаги саволга жавоб берилган.

«Ҳозир Хоразм вилоятида 492 киши карантинда турибди. Уларнинг карантин муддати 16 апрелдан 21 апрелгача деб белгиланган.

Демак, фуқаронинг қайси шифохонада алоҳидаланганлиги ва у ердан касал чиққан-чиқмаганига қараб чора кўрилади.

Агар карантиндан кейинги қайта текширув давомида фуқароларда касаллик аниқланмаса уларга жавоб берилади», дея Бош санитария инспекторининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид