Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ иқтисодиёти тезда ўзини ўнглаб олса, бу Марказий Осиёга ҳам ижобий таъсир қилади — эксперт
АҚШда ўтган уч ҳафта мобайнида 17 миллион киши ишидан айрилган ва ҳукуматдан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу – АҚШдаги ишчи кучларининг қарийб 10 фоизини ташкил этади.
Ҳозир бой ёки камбағал, ривожланган ёки ривожланаётган бўлмасин, дунёнинг қайси мамлакатига қараманг – одамлар қачон нормал ҳаётга қайтамиз, деб сўрашмоқда. Қолаверса, яқин келажакда иқтисодий-молиявий етишмовчилик янада кучаядими, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.
«Америка овози» радиостанцияси Коронавирус пандемияси вақтидаги иқтисодиётни яхшироқ тушуниш, қолаверса, АҚШ, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги вазиятни таҳлил қилиш учун халқаро банкир Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатлашди.
У узоқ йиллардан бери Нью-Йоркда, АҚШ қимматбаҳо қоғозлари бозорида фаолият юритиб келади. Шу йилнинг ўзида ўзининг синфдоши ва бизнес шериги билан Ўзбекистонда инвестиция банкига асос солган. Иноғомбоев янги банкнинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида яқингача Ўзбекистонда эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли АҚШга қайтган.
Дастлаб у АҚШдаги ҳозирги ҳолатни баҳолади.
«Қўшма Штатлар коронавирус туфайли кириб келган ҳозирги инқирозга бор молиявий қудрати ва барча иқтисодий ресурсларни ташлаган. Ҳозирги молиявий инқироз 2008 йилдагисига солиштирилганида банклар ёки молиявий институтлар инқирози эмас.
Ҳозирги пайтда банклар, айниқса Америкадаги банклар ликвидлик тарафдан ҳам, капиталлашув томонлама ҳам анча кучли ва имкониятлари ҳам бор. Боз устига, инқирозга қарши курашиш учун Америка ҳукумати ва президент Трамп тарихда мисли кўрилмаган энг йирик рағбатлантириш пакетига имзо чекди.
2,2 триллион долларлик пакет инқирозга қарши курашишнинг умумий харжи эмас, Конгресснинг тахминига кўра умумий пакетнинг ҳажми 6 триллион доллардан иборат. 2,2 триллион унинг бир қисми.
Бу ёрдам пули ичига нималар киради? Молия вазири Стивен Мнученга кўра, айни пайтда энг катта зарар кўраётган соҳалардан бири кичик ва ўрта бизнес, айниқса ресторан ва меҳмонхоналар хизмати, авиакомпаниялар, албатта йирик бизнес намоёндалари ҳам бор. 1 триллион долларга яқин ёрдам пули шу соҳаларга сарфланади.
Мнученга кўра, энг муҳим жиҳатлардан бири – Америка фуқароларига ҳукумат киши бошига 1200 доллардан ажратмоқда. Бу дегани – масалан, эр-хотин ва вояга етмаган икки фарзанддан иборат 4 кишилик ўртаҳол оилага 3400 доллар нафақа ажратилади.
Бундан ташқари, Молия вазирлиги кичик ва ўрта бизнесда ишчиларнинг мажбурий бўшатилишини олдини олиш учун чуқур субсидиялаштирилган кредитлар ажратмоқда», – дейди Фарҳод Иноғомбоев.
– Ўзбекистон, қолаверса унинг қўшнилари Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам коронавирусга қарши курашмоқда. Бу йўлда қатор иқтисодий чоралар кўрмоқда. Шу пайтгача улар қандай самара берди ва яқин келажакда яна нималарни кутишимиз мумкин?
– Ўзбекистон учун бу вазият тарихда кўрилмаган бир мураккаб инқироз, катта синов бўляпти. Ўз вақтида кўрилган чоралар албатта қандайдир бир ижобий натижалар бермоқда, чунки Ўзбекистон ўз атрофдаги қўшниларига қараганда чораларни тез кўрди ва чегараларни тезроқ бекитди.
Мисол учун, Россия ва баъзи мамлакатлар бу чораларни анча кеч қўллади. Чегаралар бекитилди, мамлакат ичида ижтимоий ва оммавий тадбирлар, йиғилишлар бекор қилинди. Бу чоралар Ўзбекистонга COVID-19га чалинганлар сонининг пасайтиришда катта рол ўйнайди, деб биламан.
Ҳукумат тарафидан кўрилаётган иқтисодий чораларга келсак, хабарларга кўра, ўтган ҳафтада президент томонидан бир қатор қарорларга имзо қўйилган. Шулар қаторида баъзи секторларда, кичик ва ўрта бизнес, сайёҳлик ва туризм соҳалари кабиларда йил охиригача солиқлар бекор қилинди ёки кескин равишда камайтирилди. Нафақа олувчилар сони оширилди, бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун субсидиялаштирилган кредитлар ажратилиши белгиланди.
Лекин яна бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдимки, ҳозир Ўзбекистонда кўплаб банклар бетўхтов онлайн режимда иш олиб бормоқда. Банклар билан бирга савдо дўконлари, супермаркетлар ҳам онлайн режимга ўтган. Бу жуда позитив хабар. Чунки бу мамлакат учун рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларнинг нечоғлик муҳим эканини кўрсатиб беради.
Марказий Осиё бозорлари ва ҳукуматлари учун албатта бу инқироз жуда катта зарар келтиради. Инқироздан сўнг ҳам йўқотилган имкониятларни тиклаб олиш учун анча вақт кетади, деб ўйлайман. Чунки коронавирус пандемияси бартараф этилганидан кейин ҳам Марказий Осиё бозорлари, қолаверса Европа, Осиё ва Россиядагилари ҳам чуқур рецессияда бўлади. Бу дегани Марказий Осиё давлатлари учун экспорт маҳсулотларини жўнатиш мураккаб масалага айланади.
Мамлакатларда ўсиб бораётган туризм соҳаси биринчи навбатда зарар кўради. Айниқса Ўзбекистонда кейинги икки-уч йилда туризм соҳаси қанчалик шиддат билан ривожланиб келаётган, булар орқали минглаб янги иш жойлари яратилган эди. Мана шу соҳаларни тиклаш ҳам ҳали озгина вақт олади.
– Марказий Осиё бўйлаб иқтисодиё вазият шундоқ ҳам оғирлашиб бораётган эди. Коронавирус пандемияси туфайли ишсизлик кўлами янада кенгаяди. Молиявий етишмовчилик авж олади, деган хавотирлар янграмоқда…
– Дунё нефть бозорларининг қулаши, айниқса Россия ва Қозоғистон орқали Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиётларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Чунки айниқса Россияда Марказий Осиёдан бориб миллион ватандошларимиз, тожикистонликлар ва қирғизистонликлар бориб ишламоқда. Меҳнат мигрантлари орқали бу давлатларга миллиардлаб пул келиб тушаётган эди.
– Коронавирусга қарши курашда ва пандемия оқибатларини енгишда Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон, унинг қўшнилари ҳамнафас, якдил эканини эслатиб турибди. Хўш, улар нима қила олади. Қандай имкониятлар бор?
– Баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, карантиндан сўнг Америка иқтисодиёти тезда ўзини ўнглаб олади. Агар шундай бўлса, бу ҳол Америка билан дўстона алоқада бўлган мамлакатларга ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Чунки АҚШ технология, капитал ва бошқа ресурслар орқали минтақага кўп ёрдам кўрсата олади.
Марказий Осиёга тўхталсак, минтақа АҚШ учун стратегик деб ҳисобланади. Шунинг учун Америка иқтисодиётининг қайта оёққа туриши Ўзбекистонга ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказади.
Мавзуга оид
17:46 / 10.06.2026
Самарқанд туманлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади
20:13 / 19.05.2026
Дунё янги глобал пандемия остонасида турибди – ЖССТ ва GPMB
18:48 / 16.05.2026
Ҳантавируснинг тарқалиши жиддий эмас ва тез орада барҳам топиши керак – ЖССТ
10:53 / 24.04.2026