Футбол тарихига сайр. «Буюк мағлубият ёхуд Истанбул финалининг мотам томони»
Футбол тарихида буюк ғалабалар кўп – масалан, 2005 йилги Чемпионлар Лигасидаги «Ливерпуль»нинг ғалабаси ва бу ҳақидаги чиройли ҳикояларни кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Лекин ўз навбатида, мағлуб тараф ҳам борки, инглизлар учун ўша онлар қанчалик унутилмас бўлса, «Милан» учун шу қадар оғир эди. Қайсидир маънода, ҳар қандай буюк ғалабалар ўзи билан бирга буюк мағлубият ҳикояларини ҳам яратади. Асосийси, бундан тўғри хулоса чиқариш, яна ва яна, ўша қоқилган нуқтага, эришилмаган орзуга талпиниш, етиб бориш... «Милан» худди шунинг уддасидан чиққанди.
УЕФА президенти Леннарт Юханссон «Милан» футболчиларига медалларни тарқатиб бўлгандан кейин ҳам, Эрнан Креспо ечиниш хонасига ҳам қайтмади. У майдонда қолди ва нима бўлишини томоша қилиб ўтираверди.
«Ўша дақиқаларгача биз ютқазганимизни англаб етмаётгандим» – дейди Эрнан, - «қачонки, Жерард боши узра кубокни кўтаргандан кейингина, мен ҳаммаси чиндан рўй бераётганини ҳис қилдим».
«Жамоадаги муҳит шу даражада эдики,биз худди таъзия маросимида учрашиб тургандек. Ҳеч ким, ечиниш хонасида бўладими, автобусдами, меҳмонхонадами, бир-бири билан гаплашмади. Кимдир йиғлар, кимдир жим ҳолатда фарзанди ёки рафиқасини қучиб ўтирарди», – эслайди ўша финал учрашувидаги дубл соҳиби.
Анчелоттининг айтишича, Креспога ҳаммадан қийин бўлган: «У ҳеч қачон Чемпионлар Лигасини ютмаганди ва айнан ўша куни бу орзусига етишиши мумкинлигини ўйлаётганди. Биринчи бўлимда айниқса, Эрнаннинг ишончи ошиб борганди. Ажойиб ўйинчи, у ғалаба қозониши адолатдан бўларди. Ҳаммадан кўра, айнан у кубок учун хақлироқдек туюлганди».
Пирло фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаганди
Андреа Пирло ўзининг «Фикр қиляпман, демак ўйнаяпман» деб номланган автобиографик китобида ҳам ўша оқшом ҳақида атрофлича тўхталиб ўтган.
«Ўша куни фаолиятимни тугатишим ҳам мумкин эди. Истанбулдан кейин ҳеч нарсанинг маъноси қолмаганди. Энг қийини, барчасига ўзимиз сабабчи эканимизни ҳис қилишимиз эди. Бу худди биргаликда ўз жонимизга қасд қилган билан баробар.
Кийим алмаштириш хонаси худди ўз бошини ахтараётган зомбилардан иборат бўлиб қолганди. Биз гаплашмас, ҳаракат қилмас, шунчаки, ўчиб қолгандик. Фақат бир неча соат ўтгач, қандай даҳшатли ҳодиса рўй берганини тушундик. Уйқусизлик, ғазаб, тушкунлик, бўшлиқ. Биз жуда кўп симптомларга эга бўлган янги касалликка чалингандик – Истанбул синдроми.
Мен ўзимни футболчи деб ҳис қилмаётгандим, бу мени тамом қиларди. Мен ўзимни инсон деб ҳам ҳис қилмаяпман – бу ундан ҳам бадтар. Мен фақат футбол ҳақида ўйлар, айни паллада, футболга тупуриб ҳам қўйгандим. Ойнага қарасам, гўёки, аксим менга тупураётгандек туюларди.
Энг тўғри қарор, футболдан кетиш. Мана шундай, омадсизларча ҳаммасидан воз кечиш. Тарих тугади, йўлнинг охири келди, мен ҳам тугадим, ҳаммаси тамом.
Тақдир ҳукми олдидаги ожизлигимиз умрбод мени таъқиб қилади. Мен ҳеч қачон ўша ўйинни қайта томоша қилмадим. Бу худди ҳеч қачон дуч келишни истамайдиган душманим эди».
Галлиани Гаттузони қамаб қўйди
«Ринонинг қалбида катта қора туйнук ҳосил бўлган, бу уни сўриб битираётганди» – дея шогирди Женнаро Гаттузонинг финалдан кейинги ҳолатини тасвирлайди Карло Анчелотти.
Гаттузо ўзининг «»Тўртбурчак туғилган думалоқ шаклида ўлмайди» (ўзбекчаси «Букрини гўр тўғрилайди» мазмунида) китобида 2005 йилги финалга ҳам қисқа тўхталиб ўтган.
«Мен бу ҳақида кўп ёзмайман, мен учун оғриқли. Ўша мағлубият катта зарба бўлганди. Мухлислар олдида шунчалик уятли эдимки, «Милан»ни тарк этмоқчи бўлганман. Омадсизлик қалбимни чилпарчин қилганди. Аммо мухлислар, жамоадошларим, агентлар, қариндошларим ёшлигимдан мухлислик қилган жамоамда қолишим кераклигига ишонтирган», дейди у.
Адриано Галлиани эса Гаттузонинг яна етти йилга Миланда қолишига сабабчи бўлганини айтади: «Мен уни совринлар сақланадиган хонага олиб кириб қўйдим. Бир неча соатга устидан қулфлаб қўйдим, фақат ёрдамчи баъзида кофе ва егулик олиб кириб турарди. Аслида ўзимга ҳам қийин бўлган, ҳафталаб ухлай олмаганман. Аммо ўшанда Ринога айтдимки, биз албатта, бу совринни яна ютамиз, балки айнан «Ливерпуль» билан ўйинда».
Гаттузонинг сўзларига қараганда, у ҳеч қачон ўша учрашувни томоша қилмаган, фақат лавҳаларни кўрган: «Дудекнинг ҳаракатлари тушларимга кириб чиқарди. Кўзимни юмишим билан, худди даҳшатли туш каби, унинг сўнгги дақиқаларда Шевченконинг икки зарбасини қайтараётгани жонланаверарди».
Неста Анчелоттини айблади
Алессандро Неста эса, жамоанинг хатосини тан олади.
«Биз тарихдаги энг зўр бир бўлимни ўтказдик. «Ливерпуль»га 120 дақиқа ичида фақат 10 дақиқа ўйнашга имкон бериб қўйдик ва ютқаздик. Карло бир хатога йўл қўйганди – мени пенальти тепадиганлар рўйхатига киритмади. Манчестерда, «Ювентус»га қарши финалда мен пенальтилар сериясида гол ургандим. Истанбулда эса у мени танламади. Менимча, бу унинг, биз бирга ўтказган саккиз йилдаги ягона хатоси эди», – дейди Неста.
Карло Анчелотти учала китобида ҳам ўша финални ёдга олади. Мураббийнинг ишонишича, ҳаммаси назоратда эди.
«Мен неча кеча-ю кундуз қаерда айнан хато қилганимни, қайси вазият муҳим бўлганини қидирдим» – ёзади у, - «бизни худди танаффусда ўзимизга катта ишониб юборганимизни айтиб, қаттиқ танқид остига олишганди. Гўёки биз ўшанда сал бошқачароқ ўйнашимиз лозим бўлган. Аммо футболчиларнинг муносабати жойида эди, биз кўрсатган ўйин сифати ўзим қатнашган барча финаллар ичида ҳам энг яхшиси эди. Бу футболдаги шундай ўрнакки, мураббий ўйиннинг барча жиҳатларини назорат қилиши мумкин – стратегияни, тактикани, мотивацияни, рақибни, шогирдларининг ҳаракатларини – ҳаммасини, лекин таблодаги ҳисобни эмас.
Футболда, умуман ҳаётда ҳам, доим тасодифнинг улуши бўлади ва ҳар қандай таҳлилда буни эътиборга олиш лозим. Вақт ўтиб, ўзингга боғлиқ барчасини тўғри амалга оширишни ўрганасан ва омадсизликнинг сенга бўлган таъсири камайиб боради».
Сирли 15 дақиқа
«Ливерпуль» ҳимоячиси Жимми Траоренинг айтишича, иккинчи бўлим бошланмасидан олдин, «Милан»нинг кийим алмаштириш хонаси ёнидан ўтаётиб, ичкаридан хурсандчилик ва қўшиқ овозларини эшитган. «Улар аллақачон ғалабани нишонлаётгандилар», – дейди у. Умуман, ўша ўн беш дақиқа қандай кечгани финалнинг энг буюк сирларидан бири бўлиб қолди ва футболчиларда турли талқинлар бор.
Анчелотти: «Футболчилар табиийки, ҳаяжонада эди, ўзаро «қани олға, биз ютамиз», «худди шундай давом этамиз», «биз энг кучлимиз» қабилида бақиришган, бир-бирларини олқишлашган. Биз олдиндан ҳеч нимани нишонламадик, шунчаки, позитив ҳиссиётлар бизни чулғаб олганди. Мен бир икки дақиқа хаяжоннинг чиқиб кетишини кутдим, кейин ҳаммани хотиржамликка чорладим. «Инглизларга қарши ўйин ҳеч қачон эрта тугамайди, буни унутманглар. Диққатни оширинглар. Бўлим бошида уларга ташаббусни топшириб қўймайлик. Бирор муаммо пайдо бўлмаслиги керак. Ҳаммасини назорат қилишда давом этишимиз керак. Олға! Олға, Милан!». Мана шундай дедим.
Неста: «Анчелотти бизга ҳаммаси ҳали тугамаганини тушунтирди. Манзилга ҳали узоқлигини айтди. Майдонга қайтиб, яна битта гол урсак, ана ўшанда барчаси ҳал бўлиши ҳақида гапирди».
Малдини: «Биз ғалабани нишонламагандик. Аксинча, тортишиб ҳам қолдик. Биз ҳатто қандайдир ноаниқ паслар туфайли ҳам бир-биримизни айбладик ҳам. Анчелотти ҳаммамизга тинчланишимизни сўради ва кейин хотиржам гаплашиб олдик».
Гаттузо: «Аҳмоқона миш-мишлар, биз танаффусда байрам қилмагандик. Траоре қанақадир бўлмаган гапни ичидан тўқиган шекилли».
Креспо: «Бўлмаган гап. Умуман. Бу жамоа таркибида жуда кўп профессионаллар бор эди, улар кўп совринларни ютишган. Айниқса улар, ҳисобдан қатъи назар иккинчи бўлим қийин бўлишини тушуниб туришарди. Ҳеч ким ғалабани чўнтагимизда, деб ўйламаган».
Фақат бразилиялик ҳимоячи Кафу 2019 йилнинг май ойида FourFourTwo нашрига берган интервьюсида жамоа талқинини рад қилди.
«Биз нишонлагандикми? Ҳа, бу рост. Биз «Ливерпуль»га, ўша пайтлар мен қарши тўп сурган энг тактик кучли жамоалардан бирига учта гол ургандик. Биз бугун бизнинг кунимиз эканига ишона бошладик ва бироз бўшашдик. Уларнинг иккинчи голидан кейингина, ўзимизга келдик. Бу кўпроқ бизнинг айбимиз эмас – «Ливерпуль» камбэкка ҳақли эди.
Қайтиш
«Мендан кўп сўрашади, ўшанда, «Ливерпуль» ҳисобни тенглаштирганида, нималарни ҳис қилганман? Ҳеч нарсани. Фикр йўқ», – деб ёзади Карло Анчелотти китобида – «мен фалажланиб қолгандим, бирор қаршилик беришга вақт ҳам йўқ эди. Нима бўлаётганини тушунмаётгандим ҳам».
Анчелоттининг сўзларига қараганда, у ҳеч қачон ўша ўйинни такроран томоша қилмаган. «Шунчаки, бундан маъно йўқ. Шарт эмас, деб ҳисоблайман. Истанбулдаги мағлубият мен учун бошқа кўп мағлубиятларим қаторида эди. Депрессия ўтиб кетди».
«Энг қийини жамоани оёққа турғазиш бўлган. Майда майда бўлаклардан уй қуришим лозим эди – фаолиятимдаги энг оғир вазифа. Мен Коверчанода ўзим ҳимоя қилган диплом ишимни эсладим. Психологияга боғлиқ бобини очдим: «.. натижаларнинг йўқлиги иштиёқнинг пасайишига олиб келади. Бундай паллаларда футболчи қилинаётган меҳнатнинг самарасидан шубҳалана бошлайди. Бундай ҳолатда, мураббий ўзида шундай куч топа олиши керакки, ўз услубига, йўналишига бошқалар ишонсин, йўлдан оғишмасин, қарорларнинг барчаси тўғри бўлаётганини футболчиларга ҳис қилдирсин. Қачонки, жамоа яна ишона бошлаганини сезган ҳамоно, қилиниши керак бўлган ишга урғу берилади».
Ва яна «... шундай қилиш керакки, жамоа натижалар туфайли хафа бўлмаслиги керак. Агар жамоа қийинчиликларни енга олса, янада кучлироқ ва жипсроқ бўлади. Ана шундагина мураббий керакли иштиёқ ва ишончга эга бўлган футболчиларга эга бўлади. Бирга ишлаш осонлашади, натижалар эса, шубҳасиз, яхшиланиб боради».
Таназзулдан чиқиш рецепти тушунарли эди. Ҳар қандай вазиятнинг яхши томонидан фойдаланиш лозим. Ё ҳаммаси сен айтгандек бўлиб, ҳамма бир мақсад учун ҳаракатланишни бошлайди, ёки ҳаммаси тамом».
Кейинги мавсумда, 2005/06 йилги мавсумда «Милан» чемпионатда учинчи ўринни олиб, Чемпионлар Лигасида ярим финалга етиб борди. Биринчи марта Анчелотти қўл остида жамоа бирорта ҳам соврин юта олмади. 2001/02 йилги мавсумда ҳам шундай бўлган, лекин ўшанда мавсумни «Милан» Фотиҳ Терим билан бошлаганди.
2007 йилнинг майида эса «Милан» Чемпионлар Лигаси финалида яна «Ливерпуль»га дуч келди ва ғалаба қозонди.
Мавзуга оид
12:12 / 23.04.2024
Дербида муштлашув ва четлатишлар. Италияда чемпион расман аниқ бўлди
13:01 / 21.01.2024
Италияда можаро, «Арсенал»да 5 та гол. Европада кун ўйинлари
13:23 / 14.12.2023
«ПСЖ» амаллаб ўлим гуруҳидан чиқди, «Барса» аутсайдерга ютқазишни «уддалади». ЕЧЛда сўнгги тур ўйинлари
16:37 / 28.11.2023