Англия: Артетанинг юбилейи

Габриэл гол ураётган вазият
Фото: JUSTIN SETTERFIELD/GETTY IMAGES

«Арсенал» — «Кристал Пэлас» 5:0
Голлар: Габриэл (11), Ҳендерсон (37, автогол), Троссар (59), Мартинелли (90+4, 90+5). 
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл (Кивиор, 81), Салиба, Зинченко, Эдегор, Райс (Жоржинио, 73), Ҳавертц (Смит-Роу, 69), Троссар (Мартинелли, 69), Сака, Габриэл Жезус (Нкетиа, 81).
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Клайн (Аҳамада, 76), Андерсен, Геҳи (Томкинс, 87), Ричардс, Митчелл, Ҳюз (Озо, 68), Лерма, Шлупп (Матеус Франса, 76), Эзе, Матета.

Янги йил кунларида мухлисларининг дилини хира қилган «Арсенал» ниҳоят 17 декабрдан буён биринчи ғалабасига эришиб, барча турнирлар доирасидаги уч мағлубиятдан иборат сериясига барҳам берди. Инқироз ҳолатига тушиб қолган «Кристал Пэлас»га қарши ўйин тўлиқ «канонирлар» назоратида ўтди. Ўйинни амалда стандарт вазиятлар ҳал қилди, биринчи бўлимда бразилиялик ҳимоячи Габриэл Магалянс жамоанинг асосий қуролига айланди ва Микел Артета «Эмирейтс»даги 50-ғалабани нишонлашини таъминлади.

11-дақиқада Габриэл бурчакдан тўп узатилганида дарвозабон ҳудудида баланд сакради ва бош билан дарвозани ишғол этди. Иккинчи бор дарвоза ишғол этилганида гол «Кристал Пэлас» дарвозабони Дин Ҳендерсон номига ёзилди, тўп унга тегиб дарвозага кирганди, аммо бу вазиятда ҳам барчасини мураккаб вазиятда турганига қарамасдан бош билан зарба беришни уддалаган ҳимоячи ҳал қилганди.

Бу мавсумда «Арсенал» стандарт вазиятлардан урилган голлар сони бўйича АПЛда энг яхши натижани қайд этмоқда (13).

Меҳмонлар эса рақиб мудофаасидан ўта олмади ва асосан узоқ масофадан зарбалар йўллаш билан ўз омадини синаб кўрди - зарбалар бўйича нисбатан юқори кўрсаткич қайд этилгани ҳам шу туфайли бўлди (21-12, аниқ зарбалар бўйича 6-5), аммо амалда бундай зарбалар Райя учун осон ўлжа эди.

Иккинчи бўлим бошида эса бошқа бир Габриэл - ҳужумчи Жезус қарши ҳужумда Троссарни қулай вазиятга чиқариб юборди ва ҳисоб йирик кўриниш олди. Белгиялик футболчи ўрнига туширилган учинчи Габриэл - Мартинелли эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эгизак голлар билан ҳисобни 5:0 кўринишга келтирди. Бу мавсумда иккинчи бор шу ҳисобда ғалаба қозонган «Арсенал» турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди, «Кристал Пэлас» 15-ўриндан 14-ўринга тушди, Рой Ҳожсон АПЛ жамоалари бош мураббийлари орасида истеъфога чиқиш учун асосий номзодга айланди.