«Бу коронавирусга боғлиқ эмас» – Иқтисодчи қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестиция йўқлиги ҳақида
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.
Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.
– Озиқ-овқат инқирози юзага келиш эҳтимоли борми?
– Қишлоқ хўжалигидаги юқори меҳнат унумдорлиги сабабли озиқ-овқат инқирози бўлмайди. Юқори технологиялар очликдан ўлишимизга йўл қўймайди.
Эҳтимол, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, муайян категориядаги маҳсулотлар пештахталардан йўқолиб қолиши мумкин. Ҳукумат чегараларни ёпиб, сунъий очликни яратмаса, озиқ-овқат инқирози бўлмайди, бозорлар бизни товарлар билан таъминлашда давом этади. Тўғри, айрим товарларнинг нархи ошиши мумкин, лекин ҳозирги бозор иқтисодиётида товарлар мавжуд эмаслиги ҳолати бўлмайди.
– Инқироз озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига қандай таъсир кўрсатади?
– Ўйлайманки, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари инқироздан зарар кўрмайди. Агар сиз ишлаб чиқариш учун хом ашёни хориждан келтирадиган бўлсангиз ва чегаралар ёпиқ бўлса, ана шу ҳолатда муаммолар ёзага келади. Инқироз даврида нафақат мамлакат ичкарисида, балки хорижда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори бўлади.
– Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб тус оляпти. Бундай шароитда қишлоқ хўжалигига инвестициялар ортиши кутиладими?
– Қишлоқ хўжалигига инвестицияларнинг ортиши жорий инқирозга эмас, аграр ислоҳот ўтказишимизга боғлиқ. Бизда айрим чоралар белгиланган, агар уларни амалга оширсак, ниҳоят фермерларни ҳақиқий тадбиркорларга айлантирсак, қишлоқ хўжалигида маҳсулотлар ва ресурсларнинг нормал бозорини яратсак, инвестиция албатта келади.
Бу билан ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ҳозир эса инвестиция ягона сабаб туфайли келмаяпти: ернинг эгаси йўқ. Фермер ер эгаси ҳисобланмайди, исталган вақтда ундан ерни тортиб олишлари мумкин. Исталган вақтда тортиб олиниши мумкинлигини билиб, ким унга инвестиция киритади?
Иқтисодиётнинг бу тармоғида цивилизациялашган ўйин қоидаларини яратмас эканмиз, ҳеч қандай инвестиция бўлмайди. Бу коронавирус ёки бошқа нарсага боғлиқ эмас. У ерда ҳали ҳам феодал муносабатлар ҳукмрон.
Мавзуга оид
14:59 / 23.11.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32 / 23.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024