Коронавирус вакцинаси: Билл Гейтс уни тайёрлашга 1,5 йил кетишини айтмоқда
Ҳозирда бутун дунёда фақат бир мавзу ҳақида гапирмоқда – коронавирус. Оддий одамлар вирус юқтирганлар сони ошаётгани, унинг қандай юқишини муҳокама қилса, инсоният тақдирига бефарқ бўлмаган миллиардерлар коронавируснинг давоси устида бош қотирмоқда. Биринчидан, улар дунёнинг энг кўп капиталига эга инсонлар сифатида қолганларнинг ҳам саломатлиги учун масъулият ҳис қилишади. Агар бундай ўйлашмаганда, улар ҳозирги мартабаларига эришмаган бўлишарди. Иккинчидан, дунёнинг камбағаллашиши миллиардерларга ҳам таъсир қилмай қўймайди.
Узоқ вақт дунёнинг энг бой одами бўлиб келган Билл Гейтс вакцина ишлаб чиқиш учун 100 миллион доллар ажратишини маълум қилганди. Microsoft асосчисининг тахминича, вакцина ишлаб чиқиш учун камида 1,5 йил вақт кетади. Бу ҳақда миллиардер ВВС нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
Гейтснинг сўзларига кўра, бугунги «ҳаммаси одатдагидек» бўлмаган даврда жараён кўп вақт талаб қилади: «Бизда синаб кўриш учун одатдагидан камроқ имкон бўлади. Бундан ташқари, давлатлар вакцина ишлаб чиқарадиган корхоналарни барча ишлардан озод қилиб уларга «ҳамма ишни йиғиштиринг ва вакцинани яратинг» деб айта оладими? Бу ҳам ҳал қилиш керак бўлган масала».
Олимлар коронавирус вакцинаси яратишни аллақачон бошлаб юборган ва ҳозиргача бир нечта воситани ҳайвонларда синаб кўришди ҳам. Агар вакцина ҳайвонларда самара берса, иккинчи босқичда уни инсонларда синаб кўриш бошланади. Бу ҳам камида йил охиригача чўзилиши айтилмоқда. Дунё бўйлаб коронавируснинг бир неча тури тарқалгани олимлар ишини мураккаблаштиряпти.
Коронавирусга қарши курашда фаоллардан бўлган британиялик олим Жереми Фаррернинг айтишича, баъзи коронавирусдан тузалган одамларда вирус иккинчи марта аниқлангани вазиятни янада оғирлаштиради. Масалан, Жанубий Кореяда 100га яқин одам коронавирусни иккинчи марта юқтириб олди. Бу вирус қонда тирик қолганини билдирадими ёки улар вирусни қайта юқтирганми – аниқ эмас. Бу ҳам вакцина яратишда муаммо туғдириши аниқ.
Айни дамда 98 миллиард доллар капитал билан дунё бойлари рейтингида иккинчи бўлиб турган Билл Гейтснинг фикрича, пандемия вақтида фақат вакцина одамларни одатий ҳаёт тарзига қайтара олади. Глобал пандемия хавфидан анча аввал огоҳлантирган Microsoft асосчиси вакцина яратиш учун етарли пул ажратилмаётганини айтмоқда. У ажойиб ўхшатишни келтирди: коронавирусга қарши курашни аллақачон жангга қиёслаб бўлишди, аммо ҳимояланиш учун етарли пул ажратилмаяпти.
«Мен ва тиббиёт соҳасидаги олимлар пандемиянинг хавфи ҳақида кўп гапирдик. 2015 йилда Англиядаги чиқишимда бундай кўринишдаги хавф ҳақида гапиргандим. Вақти келиб орқага қараганда, хато қилганимизни, имконимиз бўла туриб тиббиётга етарлича пул ажратмаганимизни ўйлаб, афсусланишимиз мумкин.
Менимча, биз ҳали пандемия хавфидан тўлиқ огоҳ эмасмиз ва бу борада етарлича пул ажратмаяпмиз. Ҳа, биз вакцина яратиш бўйича ўзига хос коалиция ташкил қилдик, лекин бу қилишимиз мумкин бўлган ишнинг атиги 5 фоизи.
Вақт ўтиб бу касаллик билан бўлган кураш якунларини таҳлил қилаётганимизда жуда кам давлатлар «аъло» баҳога муносиб бўлишади. Чунки кўпчилик бундай ҳолатга тайёр эмаслигини айтиб, вазиятдан чиқиб кетади. Ҳа, ҳеч ким бунақа бўлишини кутмагани, келажакда бизни қандай хавф кутаётганини тахмин ҳам қилиб кўрмагани оқибатида ҳозирги ўзимизга номаълум ҳолатга тушиб қолдик», дейди Билл Гейтс ВВС билан суҳбатда.
Маълумот учун, март ойи ўрталарида АҚШда коронавирусга қарши вакцина илк марта кўнгиллиларда синаб кўрилганди. Бу лойиҳани АҚШ миллий соғлиқни сақлаш институти молиялаштирган. Экспертларнинг фикрича, вакцина муваффақиятли синовдан ўтгандан кейин ҳам ҳамма ундан фойдалана олиш босқичига етгунига қадар камида 1,5 йил вақт кетади...
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
23:20 / 03.10.2024
Билл Гейтс сунъий интеллект олдидаги учта асосий қўрқувини айтди
21:15 / 13.09.2024