Ўзбекистон | 09:00 / 13.04.2020
4449
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда бўш турган бино ва ер майдонлари негизида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади 

Қашқадарё вилоятида тўла қувватда фойдаланилмаётган бўш турган бино ва ер майдонлари негизида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ҳукумат ҳужжати қабул қилинади

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасида айтилишича, қуйидагилар:

“Қашқадарёнефтгазишчитаъминот” акциядорлик жамияти бошқарув органлари томонидан жамиятнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлигини кечиш ҳисобига жамиятга тегишли бўлган Ғузор тумани, Шўртан қўрғони, Қоракўл МФЙ ҳудудида жойлашган умумий ер майдони 3,5 гектар, шундан қурилиш ости майдони 1 882,48 м2 бўлган бино ва иншоотларни Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган;

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Pooya polymer G’uzor” МЧЖ ўртасида келишув Меморандуми имзоланган ва Инвестор Объектга ўз маблағлари ва жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига 2020 йилнинг якунига қадар 20,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади, 25 та ишчи ўрни яратиш орқали Пластик қувурлар ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўяди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:

Объектни бериш санасида жамиятнинг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорлиги ва улар бўйича ҳисобланган пенялар, шунингдек объектни бериш натижасида юзага келадиган солиқ ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш;

Объект негизида келгусида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2020–2021 йиллар мобайнида 20,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, замонавий хориж технологиялари билан жиҳозланган пластик қувурлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш орқали 25 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан “Pooya polymer G’uzor” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонасига “ноль” харид қийматида тўғридан-тўғри сотиш таклифлари маъқулланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги жамият билан биргаликда бино ва иншоотларни белгиланган тартибда топшириш – қабул қилиш ишларини амалга оширилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Инвестор билан кўрсатилган шартларда Инвестиция битими тузилишини таъминлайди.

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жамиятнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлигининг мазкур фармойиш талабларига мувофиқ белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилишини таъминлайди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Pooya polymer G’uzor” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонаси билан ўзаро мажбуриятлар бўйича олди-сотди шартномасини имзоланишини ва бажарилиши юзасидан мониторинг ўрнатилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид