Иқтисодиёт | 16:59 / 14.04.2020
9476
4 дақиқада ўқилади

«Бу яширин иқтисодиёт ҳажмини ошириши мумкин» – Юлий Юсупов ДСҚ таклиф этган ҳужжат лойиҳаси ҳақида

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.

Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

Юлий Юсупов Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан Давлат солиқ қўмитасига банк ҳисоблари тўғрисидаги ахборотни электрон тарзда узатиш тартибини тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳасига оид фикрларини билдирди.

«Бу коронавирус билан боғлиқ ҳолат эмас. Бироқ муайян даражада глобализацияга боғлиқ. Масаланинг иккита томони бор: глобализация билан боғлиқ бўлган биринчи жиҳати – иқтисодиётни тобора шаффофлаштириш ҳақиқатан ҳам глобал тенденция. Кўплаб ривожланган мамлакатларда картага оид маълумотлар бўйича қандай эканини билмайману, лекин банк ҳисобларидаги маълумотлар солиқ органларининг талабига кўра тақдим этилади.

Бироқ бунинг иккинчи томони бор. Бундай вазиятга ривожланган мамлакатларда дарҳол келишмаган. Улар бунга биринчидан, қадам-бақадам келишган, иккинчидан аҳоли нақд пулсиз пул айланмаси, нақд пулсиз ҳисоб-китоб, пластикларга кўникканидан кейин жорий этилган.

Одамлар қайсидир даражада қонунга бўйсунадиган ва «сояга беркинадиган» бўлмаса, яширин иқтисодиёт катта бўлмаса, энг муҳими, иқтисодиёт, бизнес банкларга ишонса, ортиқча маълумотдан ёмон мақсадларда фойдаланмасликларини тушунади. Ўз-ўзидан, ўзгача шароитларда татбиқ этиладиган бундай лойиҳа ўтади. Ҳозир ривожланган мамлакатлардаги банклар ана шундай очиқ шароитларда фаолият юритади. Зарурий маълумотларни тақдим этади. Бундан ташқари, ўзларининг банклари орқали ёмон тўловлар амалга оширилмаслигидан манфаатдорлар.

Биздаги вазият бошқача. Одамлар молиялаштиришнинг муқобил механизмлари, яъни нақд пулдан фойдаланишга одатланишган. Пластик карточкадан фойланишга кўникишди, лекин ҳозир у билан боғлиқ муаммолар юзага келса, «сизда бунча пул қаердан пайдо бўлди?» деб сўрашни бошлашса, яхшиси нақд пулдан фойдаланаман, ёки долларда ҳисоб-китоб қиламан дейишга ўтади.

Энг муҳими, халқимиз банкларга ҳам, давлатга ҳам ишонмайди. Бу каби янгиликларда «кимдир яна чўнтагимизга кўз олайтиряпти», деган фикр туғилади. Бу ҳатто қонуний пуллар бўлса ҳам.

Қўрқаманки, бу ташаббус акс таъсирга олиб келади: Солиқ қўмитаси шу тариқа яширин иқтисодиётга қарши курашаётганини айтмоқда, аксинча яширин иқтисодиёт ҳажмини орттириши мумкин. Мен бу борада шошмаган бўлардим, агар ислоҳотларни муваффақиятли тарзда ўтказсак, одамлар шаффоф иқтисодиётда яшашни ўргангач, эҳтимол 10-15 йилдан кейин бунга қайтиш мумкин. Афсуски, ҳозир бундай эмас», деди Юлий Юсупов.

Бундан аввалроқ муҳокамага қўйилган ҳужжатда бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн. сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва транзакциялари сони 10тадан ошган операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклар солиқ идораларига тақдим этиши белгилангани ижтимоий тармоқда жиддий эътирозларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид