Жаҳон | 23:07 / 14.04.2020
48615
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида коронавирус тарқалди

Россиянинг Ленинград вилояти, Всеволжск тумани, Новосергиевка қишлоғидаги ётоқхонада яшаётган 35 кишида коронавирус борлигини аниқланди.

Ётоқхонада шаҳар қурилиш объектларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари яшаган, уларнинг миллати ҳақида хабар берилмаяпти.

Ҳозирги вақтда ётоқхонани Росгвардия ходимлари ва полиция туну-кун узлуксиз равишда қўриқламоқда. Улар ҳеч кимни ташқарига чиқармаяпти. Касалланганлар шифохонага ётқизилмаяпти ва ётоқхонада қолмоқда.

Ноқонуний деб айтилаётган ётоқхона дам олиш кунлари Роспотребнадзор, Тергов қўмитаси ва полиция ҳамкорлигида ўтказилган рейдда аниқланган. Рейд давомида санитар шифокорлар муҳожирлар орасида коронавирус аломатлари: юқори ҳарорат ва йўтал борлигини аниқлашган. Ҳозирги вақтда ётоқхона 154 нафар муҳожир, шу жумладан коронавирус юқтириб олганлар билан бирга карантинга ёпилган.

Маҳаллий маъмурият маълумотига кўра, бу ётоқхонада жами 472 киши яшаган. Аммо уларнинг қанчаси коронавирус юқтириб олгани маълум эмас. Ҳозирги вақтда ҳамма муҳожирлар текширилмоқда.

Маҳаллий маъмурият ёрдамида ётоқхонага яқин ҳудудларга санитария ишлови берилган. Махсус ҳимоя кийимларидаги одамлар яқин озиқ-овқат дўконигача бўлган жойларни дезинфекция қилишган. Аммо, сотувчи аёлнинг сўзларига кўра, дўконнинг ички қисми дезинфекция қилинмаган.

Ленинград вилояти губернатори муҳожирлар ётоқхонасидаги коронавирус эпидемияси хуружини «инфекция бомбаси» деб номлади. 

Расмий маълумотларга кўра, Ленинград вилоятида коронавирус билан хасталанган 190 бемор бор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид