Ўзбекистон | 22:55 / 16.04.2020
61392
6 дақиқада ўқилади

«Кўпи билан 200 доллар!» – Қатор банклар хорижий валюта сотишда чекловлар ўрнатишмоқда

Ўзбекистонда шу ҳафтада хорижий валюталар курси, айниқса АҚШ доллари курси кескин ошиши ортидан кўпчилик банклар сотувда чекловлар ўрнатмоқда. Бу вақтинчалик чоралиги маълум эмас.

Аслида бундай чекловлар сўнгги кунлардаги «катта сакраш» олдидан ҳам айрим банклар (жумладан «Туркистон» банк) томонидан қўлланган, лекин бунга айтарли эътибор берилмаганди. 14 апрель куни АҚШ доллари курси бир сутка ичида 400 сўмдан ортиқроқ кўтарилганидан кейин, яъни 15 апрелдан бошлаб бу усул деярли барча банклар томонидан қўллана бошланди.

Бугун, 16 апрель куни вазиятга аниқлик киритиш учун Чилонзор туманидаги қатор банкларда бўлдик.

Соат 14:00 – «Туронбанк»: доллар харид қилувчилар 6-7 киши, ҳамма навбат олиб ташқарида турибди, аммо ҳеч ким ичкарига чақирилмаяпти. Ичкаридан чиққан ходим доллар сотиш истагида бўлганлар навбатсиз ўтказиб юборилишини, айнан улар банкка топширган валюта харид қилиш истагида турганларга сотилишини билдирди. 25-30 дақиқа кутиш натижа бермади ва ҳеч ким келиб доллар сотмади (табиийки ҳеч ким бу вақт оралиғида харид ҳам қилмади);

Соат (тахминан) 14:30 – «Даврбанк»: навбат деярли йўқ, лекин турганларнинг бирортаси сотмаяпти, ҳамма харид қиляпти. Карантин қоидаларига тўла риоя қилиб, бошдан-оёқ оппоқ махсус кийимга ўралиб олган кассир фақат 200 доллар сотилишини билдирди. Ҳолатни пул кам берилгани, барча хоҳловчиларга етказиш кераклиги билан изоҳлади;

Соат (тахминан) 14:40 – «Ипак йўли» банки: навбат бор, аммо жуда тез етиб келди. Киришда милиционерлар исм-шариф ва манзилни қайд этишмоқда. Бу ердаги кассир қиз ҳам «карантин формаси»да. 150 АҚШ доллари сўралганда фақат 100 доллар сота олишини, пул тақчиллиги туфайли тез орада шу ҳам бўлмай қолиши мумкинлигини билдирди. Яна 50 долларгина сота қолиш бўйича илтимосларга рад жавобини берди ва «қолганини «Даврбанк»дан олинг, ана, ёнимизда» дея жўяли маслаҳат берди;

Соат (тахминан) 14:55 – «Саноатқурилиш» банки: навбат бор, кўпчилик кўп миқдорда сўм кўтариб олишган. Ичкаридан чиққан милиционер 2000 долларгача сотиб олиш мумкинлигини билдирди. Топшириладиган нақд пуллар бир хилда тахланиши талаб қилинмоқда. Навбатда турганлар истаганча харид қилишди, аммо ўтган 30-40 дақиқа давомида бирор киши сотиш учун келмади. Мижозлардан бири «Халқ банки»нинг Чилонзор-1 кварталидаги бўлимига борганини, аммо у ерда ҳам катта навбат борлиги, кўпи билан 300 доллар сотилаётганини айтди.

«Aсака банки» вакили бу ҳолатга шундай изоҳ берди: «Банкнинг филиалларидаги айирбошлаш пунктлари хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича чекловларсиз фаолият юритмоқда».

Марказий банк ахборот хизмати изоҳ сифатида Kun.uz сайтига қуйидагиларни маълум қилди:

«Доллар сотиб олишда чеклов борми? Айтишларича, одамлар банкка келиб доллар учун навбатда туришмоқда. Афтидан, қўлида жамғармаси борлар сўмнинг қадрсизланиши, доллар курси ошиб кетишидан хавотирда. Улар орасида валюта олди-сотдисида чекловлар бўлишидан ҳадиксираётганлар ҳам бор.

Бугунги кунда жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш бўйича ҳеч қандай чекловлар ёки тўсиқлар ўрнатилмаган. Шунингдек, келгусида ҳам жисмоний шахсларга тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмайди.

Миллий валюта курси валюта бозорида шаклланадиган талаб ва таклифнинг жорий даражаси асосида ўзгаради. Курснинг қадри ошиши ёки пасайиши иқтисодиётда ва ташқи шароитларда рўй берадиган фундаментал омиллар билан боғлиқ бўлади.

Бугунги кунда миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича банклар томонидан таклиф этилаётган фоиз ставкалари ўртача 20-21 фоиз атрофида шаклланган. АҚШ доллари курсининг йил бошидан 5-6 фоизга ошганини инобатга олиб ҳисоблаганда ҳам миллий валютадаги депозитларнинг иқтисодий жиҳатдан афзаллигини кўриш мумкин.

Шу нуқтайи назардан, инфляциянинг келгусида пасайиб бориши шароитида асосий ставка пасайган тақдирда ҳам миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги ва улар бўйича ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолади».

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 15 апрель куни бўлиб ўтган онлайн брифингда банкларда хориж валютаси сотувига чеклов қўйилгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

«Ички валюта бозорида шаклланган ҳолатга келсак, бир нарсага алоҳида тўхталмоқчи эдим – Марказий банк ёки ҳукумат алмашув курсининг бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланишига аралашмайди. Агар биз аралашиб, бозор қоидаларини бузсак, кейин буни тўғрилаш жуда ҳам қийин бўлади.

Бунга урғу беришимнинг асосий сабаби, сўнгги кунларда ижтимоий сайтларда гўёки шундай чекловлар тўғрисида ҳар хил хабарлар чиқиб келди. Шунинг учун, фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизга шуни етказмоқчиманки, валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди. Фақат унинг нархи бозордаги омиллар асосида шаклланиб боради», деганди у.

Марказий банк раисининг бу сўзлари етарли тушум бўлмаган пайтларда банклар ўз захираларини интервенция қилиш-қилмаслик (яъни қўшимча валюта чиқариб сотиш) масаласига ойдинлик киритмаган.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид