Пандемия дунё таълим тизимини қандай ўзгартирмоқда? PISA таҳлиллари
Коронавирус пандемияси салбий оқибатларини камайтириш йўлида дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам турли чора-тадбирларни қўлламоқда. 150та мамлакатда мактаблар ёпилди. Бу деярли 1 миллиарддан ортиқ ўқувчиларнинг таълим олиш имкониятларини чеклади.
Кўплаб мамлакатларнинг карантин даврида асосий эътиборни таълимга қаратгани эътиборга лойиқ. Масалан, коронавирус илк бора қайд этилган Хитойда 17 февраль куни ўқувчилар учун бепул ўқув материаллари билан таъминлайдиган «Миллий булутли платформа» ишга туширилди. 7000 та сервер ва 90 терабайт ҳажмдаги маълумотларни ўтказиш қобилиятига эга платформа 50 миллион ўқувчига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
Францияда «Менинг синфим уйда» рақамли платформаси яратилди. Бунда компьютер, планшет ёки мобиль телефонидан фойдаланган ҳолда ўқувчилар тўрт ҳафталик масофавий курсларда таълим олиш ҳамда ўзлаштиришига оид шахсий маълумотларини тўплаб бориш имконияти яратилди.
Японияда давлат-хусусий шерикчилиги асосида, хусусий компаниялар томонидан уйда қолган ўқувчилар учун бепул таълим олиш имкониятини берадиган платформа ишга туширилди.
Google ва Microsoft каби йирик компаниялар таълим олиш ва ишлаш учун мўлжалланган рақамли воситалар имкониятларини кенгайтирди.
Пандемия таъсирида Ўзбекистонда ҳам 16 мартдан бошлаб барча турдаги давлат ва нодавлат таълим муассасалари ёпилди. 30 мартдан бошлаб 3та телеканал орқали 6 миллиондан ортиқ ўқувчи учун онлайн дарсларни 3та тилда (ўзбек, рус ва қорақалпоқ) эфирга узатиш йўлга қўйилди.
Теледарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган, яъни кар ва заиф эшитувчи болаларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон таржима қилинмоқда.
Ўқувчилар ва ота-оналар учун дарс жадвали, уйга вазифалар ҳамда олган баҳоларни кўриш имконини берувчи kundalik.com тизими жорий этилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD – ИҲТТ) таҳлилига кўра, мактаб директорларининг тўртдан бир қисмига рақамли технологиялар етишмаслиги ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу кўрсаткич Сингапурда 2 фоиз, Франция ва Италияда 30 фоиз, Вьетнамда 80 фоиздан юқорини ташкил этади.
Уйда ўқишга ҳаммада ҳам шароит бор эмас
Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA маълумотига кўра, аксарият мамлакатларда рақамли форматга ўтишда бир қатор камчиликлар бор. Жумладан, Жанубий Кореяда ижтимоий ва иқтисодий ночор мактабларнинг чорак қисмидаги ҳар бешинчи ўқувчисида уйда ўқиш учун шароити йўқ.
ИҲТТга аъзо мамлакатлардаги 9 фоиз ўқувчи, Индонезия, Таиланд, Филиппинда эса 30 фоиздан кўпроқ ўқувчилар ўқиши учун ҳаттоки тинч жойга эга эмаслар.
Мексикадаги бой оилалардаги 15 ёшли ўқувчиларнинг 94 фоизида уйларида интернет тармоғига уланиш имконияти бор бўлса, кам таъминланган оилаларнинг фақатгина 29 фоизи бундай имкониятга эга.
Индонезияда 34 фоиз ўқувчининг уйида компьютер бор. Бу кўрсаткич Перуда ижтимоий-иқтисодий имкониятлари яхши оилалардаги ўқувчилари орасида 88 фоиз, кам таъминланган оилалардаги ўқувчила орасида 17 фоизга тенг. Дания, Словения, Норвегия, Польша, Литва, Исландия, Австрия, Нидерландия ва Швейцарияда 95 фоиз ўқувчи, АҚШда ижтимоий-иқтисодий ҳолати яхши оилалардан бўлган 15 ёшли ўқувчиларнинг барчасининг уйида компьютер жиҳозлари мавжуд.
Мактабларда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш хусусида сўз борар экан, ўрта ҳисобда ИҲТТ мамлакатларида 15 ёшли ўқувчиларнинг 63 фоизи таҳсил оладиган мактаблар рақамли қурилмалардан фойдаланишнинг зарурияти ҳақида ёзма баёнотлар қабул қилган. 62 фоиз мактабларда директорлар ва ўқитувчилар ўртасида рақамли қурилмалардан педагогик мақсадларда фойдаланиш тўғрисида мунтазам мунозаралар олиб борилади. 60 фоиз мактабларда ўқувчиларни интернетдан фойдаланиш интизоми ва масъулиятига ўқитиш ҳақида махсус курслар олиб борилади.
Технология – ундан фойдаланилса, яхши
Дунё мамлакатлари томонидан карантин даврида кўрилаётган чора-тадбирларнинг аксарияти рақамли технологияни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмоқда.
Шунинг учун хорижий мамлакатларда технологиядан фойдаланиш имкониятлари қандайлиги хусусидаги таҳлилларга эътибор қаратиш ўринли.
Тeхнологиядан фойдаланиш ва ўқитувчининг тайёргарлиги ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, PISA`нинг 2018 йилги тадқиқотида қатнашган 65 фоиз мактабларнинг директорлари ўқитувчиларининг таълим беришда рақамли технологияларни интеграция қилиш кўникмалари мавжуд деб ҳисоблайди.
ИҲТТга аъзо мамлакатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг 60 фоизи ўқиётган мактабларда ўқитувчиларнинг дарс тайёрлашда рақамли технологияни интеграция қилишга вақти етарли. Ушбу кўрсаткич Хитойда 90 фоиз, Японияда эса 100 фоизни ташкил этади.
ИҲТТга аъзо мамлакатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг тахминан 50 фоизи ўқиётган мактабларда онлайн платформа бор. Аргентина, Коста-Рика, Косово, Панама, Люксембург, Япония, Перу, Шимолий Македония, Беларусь ва Марокашдаги ўқувчиларнинг 30 фоиздан камроғи ўқиётган мактаблар онлайн платформага эга. Сингапур, Хитойнинг 4та провинцияси, Макао, Даниядаги ўқувчиларнинг 10дан 9 нафари ўқиётган мактабларда онлайн платформа мавжуд.
Дания ва Янги Зеландияда ўқитувчиларнинг 80 фоизи дарсларни АКТ қурилмаларидан фойдаланган ҳолда олиб боришади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти COVID-19 пандемиясига қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун давлатлар томонидан таълим соҳасига оид қуйидаги мазмундаги қарорлар қабул қилинишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди:
муқобил таълим дастурларини амалга ошириш жараёнида, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга мухтож ўқувчилар ва оилалар учун етарли ёрдамни таъминлаш;
мактаблар томонидан ҳар бир ўқувчи билан мустаҳкам алоқа тизимини йўлга қўйиш ва ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириши бўйича кунлик мониторингни шакллантириш;
ўқитувчилар ва мактаб директорларини масофадан туриб ишлашга ўргатиш;
ота-оналар ва ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш учун ўқитувчилар ва уларга ёрдам берадиган ишчи гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларни янгича ишлаш тизимларига ўргатиш;
фақат жисмоний эмас, балки ўзлаштириши паст ва психологик тушкунлик ҳолатида бўлганларга алоҳида эътибор қаратиш;
яқин келажакда бирор хизмат турларини бутунлай янгидан яратиш эмас, балки, биринчи навбатда мавжуд таълим хизматларини такомиллаштириш лозим.
Фурқат Холмирзаев, Хуршид Аҳмедов
Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим
сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни
амалга ошириш миллий маркази
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023