Ўзбекистон | 14:41 / 16.04.2020
26072
2 дақиқада ўқилади

Пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш талабига ўзгартириш киритилиши мумкин

Пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш талабига ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш талабига ўзгартириш киритиш ҳақида петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-хатбошида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш талаби белгиланган. 

“Бироқ, бугунги кунда аёлларнинг 55 ёшга тўлганлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқини берса ҳам, айрим давлат ташкилотлари ва муассасаси раҳбарлари томонидан аёл ходимларга нисбатан мажбурий (2 ойлик огоҳлантириш асосида) меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолатлари учрамоқда. 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сонли қарори 1-бандида, “аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади” деб кўрсатиб ўтилган”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, ушбу ҳолатларда иш берувчи қонун нормаларини (Кодекс) биринчи навбатда устувор туришлигини инобатга олиб, пенсия олиш ёшига тўлган аёл ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниб, гендер тенглик тамойиллари бузилмоқда.

Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига “қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно” деган қўшимчани киритиш таклиф қилинмоқда.

Мавзуга оид