Ўзбекистон | 22:16 / 16.04.2020
18351
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида коронавирус тарқалди, улар орасида ўзбеклар ҳам бўлиши мумкин

Россиянинг Ленинград вилояти, Всеволожск тумани, Новосергиевка қишлоғидаги ётоқхонада яшаётган меҳнат муҳожирларида коронавирус борлигини аниқланган эди. 

Ётоқхонада шаҳар қурилиш объектларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари яшаган, уларнинг миллати кимлиги ҳақида расмий хабар берилмаяпти

Аммо, ётоқхона ичидан олинган фотосуратларда эшикка ёпиштирилган эълонлар ҳам бор. Улар ўзбек тилида ёзилганини инобатга олсак, муҳожирлар ичида ватандошларимиз ҳам бўлиши мумкин.

Ноқонуний деб айтилаётган ётоқхона 11 апрель куни Роспотребнадзор, Тергов қўмитаси ва полиция ҳамкорлигида ўтказилган рейдда аниқланган эди. Рейд давомида санитар шифокорлар муҳожирлар орасида коронавирус аломатлари: юқори ҳарорат ва йўтал борлигини қайд қилишганди.

Янги маълумотларга кўра, ётоқхонада яшаган 123 нафар меҳнат муҳожирида коронавирус борлиги аниқланган. Бу Ленинград вилояти бўйича коронавирус билан хасталанганларнинг 40 фоизини ташкил қилади. Меҳнат муҳожирларининг кўпчилигида касаллик енгил шаклда ўтаётгани айтилмоқда. Ленинград вилояти губернатори муҳожирлар ётоқхонасидаги коронавирус эпидемияси хуружини «инфекция бомбаси» деб атади.

Ҳозирги вақтда Росгвардия ходимлари ва полиция ётоқхонани туну-кун узлуксиз равишда қўриқламоқда. Улар ҳеч кимни ташқарига чиқармаяпти. Касалланганлар шифохонага ётқизилмаяпти. Улар учун ётоқхона ҳудудида 88 ўриндиққа мўлжалланган палаткали госпиталь ташкил қилинган.

Всеволожск шифохонаси бош врачи ўринбосари Алла Школяренко сўзларига кўра, касалланганлар учта гуруҳга ажратилган – коронавирус тасдиқланганлар, тасдиқланмаганлар, аммо шамоллаш аломати борлар ва касаллик аломатларига эга бўлмаганлар. Улар алоҳида палаткаларга жойлаштирилган.

Россия Тергов қўмитаси воқеа юзасидан санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича жиноят ишини очган. Прокуратура хабарига кўра, бинони ижарага олган шахс санитария меъёрларига амал қилишни таъминлаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид