Ўзбекистон | 09:54 / 17.04.2020
3272
2 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ органлари томонидан ундириладиган бож ва йиғимларни тақсимлаш тартибига ўзгартириш киритилади

2020 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари ҳокимликлардан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилмоқда

Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон фармони ижросини таъминлаш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон фармони 23-бандига асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари туман (шаҳар) ҳокимликларидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан, лойиҳада ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйларининг 2018 йил 1 июлдан адлия органлари тизимидан туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказилишининг алоҳида жиҳатларини тартибга солувчи президентнинг 2018 йил 12 июндаги ПҚ–3785-сон қарорининг бир неча бандлари, шунингдек президентнинг 2018 йил 2 февралдаги ПФ–5325-сон ҳамда 2018 йил 13 апрелдаги ПФ–5415-сон фармонларининг ФҲДЁ тизимини бошқаришга оид бандлари ўз кучини йўқотиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилаётганлиги сабабли ФҲДЁ органлари томонидан ундириладиган давлат божлари ва йиғимларни тақсимлаш тартибига ўзгартириш киритилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада президентнинг 2020 йил 31 январдаги ПФ–5930-сон Фармонига мувофиқ қонун ҳужжатларига айрим тузатишлар киритиш белгилаб берилган.

Билдирилишича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Давлат бюджетидан қўшимча маблағларни талаб этмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид