Ўзбекистон | 20:14 / 17.04.2020
7899
3 дақиқада ўқилади

Карантин даври чўзилиб кетса ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминотида тақчиллик бўлмайди – вазир ўринбосари

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси етарли миқдорда. Карантин муддати чўзилиб кетган тақдирда ҳам аҳолини маҳсулотлар билан таъминлашда етишмовчилик бўлмайди.

Фото : KUN.UZ

Бу ҳақда 17 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев маълум қилди.

“Республикада карантин муддати мабода чўзилиб кетса, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда етишмовчиликлар бўлмайди. Бунга захирамиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Чунки жанубий вилоятлардаги миришкор деҳқонларимиз далаларида апрел ойининг биринчи декадасидан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, пиёз, картошка, сабзи, карам, кўкатлар бозорларимизга етказиб берила бошлади.

Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг, қалампир ва бақлажон маҳсулотлари узлуксиз ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда. Бугунги кунда республика ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми кундан-кунга ортиб бориши натижасида ички ва ташқи бозорларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади”, дея Саидкамол Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг мева-сабзавотларга бўлган талаби 10 млн 300 минг тоннани ташкил этади. Шундан картошкага бўлган эҳтиёж 1 млн 784 минг, сабзавотлар 4,4 млн тонна, мевалар 2,5 млн тонна, узум 593 минг тонна, полиз маҳсулотлари 583 минг тонна, дуккаклилар 115 минг тонна, гуруч 332 минг тоннадан иборат.

“Вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, бозордаги нархларни барқарор сақлаб туриш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича ҳар бир туман кесимида дастур қайта тайёрланди.

Бунда 2020 йилда 24,8 млн тонна 88 турдаги мева-сабзавотлар, шундан 12,9 млн тонна 42 турдаги сабзавот, 5 турдаги 2,5 млн тонна полиз маҳсулотлари, 3,5 млн тонна картошка, 3,3 млн тонна 27 турдаги мева,

1,9 млн тонна 3 турдаги узум, 630 минг тонна 4 турдаги дуккакли ўсимликлар ва 139 минг тонна 6 турдаги мойли маҳсулотлар етиштириш белгилаб олинди.

Аҳоли талаби ва экспорт имкониятларини ҳисобга олиб, етиштирилган маҳсулотларнинг 10,3 млн тоннаси аҳоли истеъмолига, 3,2 млн тоннаси қайта ишлашга ва 2,3 млн тоннаси экспортга йўналтирилади”, деди у.

Мавзуга оид