Ижтимоий тармоқларда шахсий фикри ва танқидий мулоҳазалари билан танилган блогерлар Қобил Хидиров (davletovuz) ҳамда Отабек Бакиров (bakiroo) пандемия ва инқироз масаласида Kun.uzʼга интервью берди.
16 апрель куни ташкил этилган онлайн мулоқотда пандемия туфайли аҳоли турмушида юзага келган муаммо ва қийинчиликлар ҳақида борди. Шунингдек, суҳбат давомида ҳукумат томонидан қабул қилинган инқирозга қарши кураш чора-тадбирлари таъсирчанлиги муҳокама этилди.
Қуйида суҳбатда билдирилган фикрлардан баъзи тезислар келтириб ўтилади.
Қобил Хидиров, Davletovuz Telegram канали асосчиси:
– Карантин тугаши ҳақида сиёсатчи ҳам, блогер ҳам гапирмаслиги керак. Бу ҳақда тиббиёт вакиллари хулосаси асосида қарор қабул қилиниши керак. Шунча қилинган ишни бир кунда ҳавога чиқариб юбориш хавотири биринчи ўринда турибди. Бутун Ўзбекистон учун қарор қабул қилинмаслиги керак, жумладан Тошкент учун ҳам.

Давлат манзилли чора-тадбирларни қўллаши зарур. Миллиардернинг 100 минг доллар йўқотиши билан, оддий фуқаронинг 100 доллар йўқотиши ўртасида катта фарқ бор. Бизнинг амалдорларга кўп саволимиз бор: биз ҳалигача давлат хизмати тўғрисидаги қонунни қабул қилмадик. Биз амалдорлар чўнтагини кўра олмаяпмиз.
Ҳар қандай таъсир чорасининг аниқ тугаш вақти бўлиши керак. Охирги йилларда давлат бошқаруви аппарати шишиб кетди. Ҳозир квази-давлат ташкилотлари жуда кўп, уларнинг молиялаш манбалари эса бюджетга алоқадор. Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаларга қўл сола олишини қўллаб-қувватлайман.
Отабек Бакиров, Bakiroo Telegram канали асосчиси:
– Инсоният муаммоларга биринчи марта дуч келганда таваккалчиликка қўл уради. (Пандемия даврида) биринчи қадам қўювчи давлатлар кўпроқ зиён кўриш эҳтимоли бор, Ўзбекистон эса бу масалада ўртада. Бизнинг кузатиш имкониятимиз бор.















