Иқтисодиёт | 18:40 / 18.04.2020
9511
5 дақиқада ўқилади

Пандемиядан зарар кўрган иқтисодиётнинг тикланишида жаҳондаги вазият ўнгланиши муҳимроқ аҳамият касб этади — Жамшид Қўчқоров

Таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Youtube порталидаги ўзининг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Тимур Ишметов билан онлайн интервью уюштирди.

Жамшид Қўчқоров / Архив фото: KUN.UZ

Интервьюда коронавирус инфекцияси тарқалган шароитларда пайдо бўладиган молия ва иқтисодиётга доир муаммолар, уларни ечиш йўллари муҳокама қилинди.

Мазкур интервью давомида янграган аҳамиятга молик савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳозирги вазиятни шундай тушунтирди:

«Албатта, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам жаҳон иқтисодиётидан ажралиб қолган автономия эмас. Ташқи савдомиз ЯИМга нисбатан жуда катта рақамларни ташкил этади. Шундай экан, коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсирини сезмай иложимиз йўқ.

Таъсир қачондан бошланади? У март ойининг ўрталаридан бошлаб сезила бошлади. Пандемия Хитойда бошлангач, қўшилган қиймат занжирининг узилиши назариясини ҳаётда ҳам кўрдик.

Жаҳонда вужудга келган вазият илгариги бирор инқирозга ўхшамайди. Ишонч инқирози, банк инқирози, молиявий инқироз, талаб инқирозлари бўлиши мумкин. Ҳозиргисида барчаси мужассам. Ҳозиргисида талаб бор нарсани ҳам ололмаслигимиз мумкин.

Ҳукуматимиз март ойининг ўрталаридан бошлаб карантинга доир чораларни амалга ошира бошлади ва бу иқтисодиётга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Биринчи чоракда ЯИМ бўйича 4,5 фоиз ўсишни кутмоқдамиз. Бу албатта, ўтган йили тузган режаларимиздан кўра пастроқ. Минг афсуски, кейинги чоракларда, айниқса иккинчи чоракда кутаётган рақамларимиз янада оғирроқ бўлади.

Фикримизча, иккинчи чорак энг мураккаб чорак бўлади. Чунки апрелда барчамиз ўта қатъий карантин шароитида яшаймиз. Одамларга тушунарли бўлиши учун оддий мисол келтирмоқчиман. Масалан, ёқилғи қуйиш шохобчаларида реализация қилинаётган бензин ва метан газининг ҳажми апрель ойининг биринчи ўн кунлигида ўтган ойларга нисбатан икки баравардан кўпроққа камайган. Ёқилғи харид қилинмаяптими, ишлаб чиқарувчи ҳам маҳсулот ишлаб чиқарилишини камайтириши керак. Ишлаб чиқарувчи камайтирдими, унинг тушуми камаяди.

Ишлаб чиқариш — табиатда сувнинг айланиши каби тўхтамас занжирга ўхшайди. Шу сабабли битта кескин ўзгариш охиригача ўз таъсирини кўрсатади. Биз бу йил саноатнинг 6,5 фоизга ўсишини кутаётган эдик. Ҳозирги ҳолатни функция десак, унинг ўзгарувчан элементи пандемия ҳамда карантин чораларининг қанча давом этишига боғлиқ.

Қолаверса, ЯИМимизнинг учдан бир қисми хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади ва айни шароитда улар ҳам ишламасдан турибди. Инвестициялар ҳам қисқаради. Агар йил якуни билан кутаётган натижаларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда хавотирларнинг олдини олиш учун айтаманки, инфляцияда 20–25 фоизгача кескин сакрашлар бўлади, деган гаплар учун асос йўқ. Иқтисодчиларнинг консенсус фикрига кўра, бизда оз бўлса ҳам иқтисодий ўсиш бўлади ва ЯИМ пасаймайди.

Ўзбекистонда пандемияни чеклаш бўйича кўрилаётган чораларни жуда тўғри ва самарали, деб ҳисоблайман. Касалланганлар сони кўпайиши табиий эди. Лекин уни жиловлаб оламиз, узоққа ҳам чўзилмайди, ҳалокатли ҳолатга ҳам бормайди.

Шу сабабли жаҳон иқтисодиёти оёққа туриб юриб кетиши биз учун муҳимроқ. Хусусан, Хитойда касаллик жиловланганидан жуда хурсандмиз. Бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиздан яна бири Россия Федерациясида ҳам аҳвол тезроқ ўнгланишидан умид қиламиз».

Бошловчининг «Ўзбекистонда камбағаллик дейилганда нима тушунилади, унинг маълум бир кўрсаткичи борми?» — деган саволига Қўчқоров шундай жавоб берди:

«Президентнинг парламентга мурожаатида камбағаллик деган сўзнинг ўзи илк бор тилга олинди. Бир пайтлар камбағал у ёқда турсин, ижтимоий ҳимояга муҳтож деган сўздан фойдаланмасдан, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, деган терминларни киргизганмиз.

Энди камбағаллик сўзи айтилиши билан вазиятга жиддий баҳо берилди, уни қисқартириш бўйича жиддий чоралар ишлаб чиқиш бошланди. Ҳаттоки Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг номи ҳам ўзгартирилди. Қабул қилинган қарорда камбағалликни баҳолаш, мезонларини белгилаш, минимал истеъмол саватчилари миқдорини ишлаб чиқиш ва ҳоказо вазифалар қўйилган.

Кўпчилик иқтисодчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда камбағалларнинг улуши аҳолининг 15 фоизи атрофида. Жаҳон банки мезонларидан келиб чиқадиган бўлсак, кунлик истеъмоли 1,7 АҚШ долларидан паст бўлганлар камбағал ҳисобланади.

Вазирлик бу масалага аниқлик киритиш бўйича ишларни энди бошлади. Ҳали тизимли ва илмий асосини яратиш керак. Биз ўзимиз учун қандайдир сохта кўрсаткичлар яратиб олмоқчи эмасмиз, раҳбаримизнинг сиёсатига тўғри келмайди. Фақат очиқ ва ҳаққоний маълумот бўлиши керак. Шунинг учун Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамжиҳатликда йил охиригача дастур ишлаб чиқамиз. Ўшанда сиз айтган саволларга аниқроқ жавоб берамиз».

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид