Жаҳон | 09:02 / 19.04.2020
31403
2 дақиқада ўқилади

Зарарланган ҳужжат Афғонистон президенти саройида коронавирус авж олишига олиб келди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани саройида ишловчи ходимларнинг камида 20 нафари коронавирусга чалинди. 

Фото: Wakil Kohsar, AFP

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлигидаги юқори лавозимли мансабдор шахснинг маълум қилишича, бунга саройга ҳукуматнинг бошқа бир идорасидан келтирилган зарарланган ҳужжат сабаб бўлган.

“Баъзи ходимлар тестлар натижалари ҳали олинмаганда ҳам президент маъмурияти биносида ишлашда давом этганлар ва шу сабабли уларни ҳамда оила аъзоларини изоляциялашга тўғри келди. Тахминимизча, касалланганлар сони кўпроқ бўлиши мумкин”, деб қўшимча қилган амалдор.

Ашраф Ғанининг расмий вакили Содиқ Содиқийнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг фуқаролик хизмати бўйича комиссияси давлат хизматчиларига уйда қолишга кўрсатма берган ва мамлакатда аввал киритилган чекловлар яна 3 ҳафтага - май ойи ўртасигача узайтирилган. 

Ўз маъмуриятида коронавирусга чалинганлар борлиги ҳақидаги маълумотдан кейин 70 ёшли Ғани ўз ходимлари билан алоқани чеклашга ва уларнинг катта қисми билан рақамли алоқа воситалари орқали мулоқот қилишга қарор қилган. Маълум қилинишича, соғлиғида баъзи муаммоларга эга Ғани аксарият учрашувларни видеоанжуман шаклида ўтказмоқда ва ўз атрофидаги саноқли одамлар билангина шахсан учрашмоқда.  

Мавзуга оид