Ўзбекистон | 14:07 / 20.04.2020
31072
2 дақиқада ўқилади

Андижон ва Бухорода беморларнинг навбатдаги гуруҳи соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон ва Бухоро вилоятларида коронавирусдан даволанаётган жами 13 нафар бемор соғайгани ҳақида маълумот берди. Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони 238 нафарга етди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида навбатдаги 2 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганлардан бири, 39 ёшли аёл Хўжаобод туманидан бўлса, иккинчиси 51 ёшли аёл Андижон шаҳридан. Ҳар икки бемор ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтгача 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 13 нафарга етди.

Бугун Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказидан яна 11 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг барчаси жорий йил 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига жойлаштирилган. Улардан 10 нафари эркак, 1 нафари аёл. Беморларнинг 4 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Фарғона вилоятидан, Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 57 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 68  нафарга етди. 

Айни пайтга қадар Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 238 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Мавзуга оид