Ўзбекистон | 18:46 / 20.04.2020
6362
4 дақиқада ўқилади

ДСҚ тадбиркорларнинг пандемия давридаги муаммоларини аниқлаш учун сўров ўтказмоқда

Давлат солиқ қўмитаси коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркорлар дуч келаётан муаммоларни аниқлаш мақсадида сўров ўтказмоқда.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Аноним тарзда ўтказилаётган сўровдан мақсад – пандемия вақтида тадбиркорлар ўз фаолиятида тўқнашаётган муаммолар, солиқ органи ходимларининг улар фаолиятига ноқонуний аралашуви, карантин даврида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлик даражасини аниқлашдан иборат.

Қўмитадан маълум қилишларича, сўров натижалари экспертлар томонидан таҳлил қилинади. Олинган маълумотлар орқали тадбиркорларнинг муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, солиқ тизимида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилади.

Сўровномани ўзбек ёки рус тилларида тўлдириш мумкин.

Тадбиркорлардан қуйидаги саволларга жавоб сўралмоқда:

·       Карантин туфайли фаолиятингизда қандай ўзгаришлар бўлди?

·       Covid-19 пандемиясига қарши кураш баҳонасида тадбиркорлик фаолиятингизга аралашувлар кузатилдими?

·       Карантин даврида фаолиятга рухсат этилган товарларни сизга етказиб беришда муаммолар юз бермоқдами?

·       Транспорт воситалари ҳаракатини камайтирилгани туфайли товар ва хомашё етказиб берилишида муаммоларга учрадингизми?

·       Пандемия даврида солиқ органи ходимларининг фаолиятингизга ноқонуний аралашуви ҳолатлари кузатилдими?

·       ҚҚСни қайтаришда муаммолар борми?

·       Карантин сабаб фаолиятингизни тўхтатганингиз ҳақида хабар берган бўлсангиз-да, сизга солиқ органи томонидан талабнома йўлланган ҳолат юз бердими?

·       «Солиқ сервис» ЭҲФ оператори бепул хизмат муддатини узайтиргани ҳақида хабар топдингизми?

·       Туроператорлар, турагентлар ва меҳмонхона хизматлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиниши юзасидан хабар топдингизми?

·       Товар ва хизматларни реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд.сўмдан ошмайдиган ва ЭҲФларни қўллайдиган юридик шахслар учун ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқи берилганлиги ҳақида хабарингиз борми?

·       Товар ва хизматингиз баҳоси ошдими?

·       Солиқ органлари билан фаолиятингиздаги қийинчликлар масаласида боғландингизми?

·       Солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришга оид муаммоли вазиятлар юзага келдими?

·       Солиқ ҳисоботларини жўнатиш юзасидан ўз мажбуриятларингизни қандай бажармоқдасиз?

·       Тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини бажариш ва нарх-навога оид бошқа муаммолари бўлса, улар ҳақида ёзиб қолдириш сўралган.

Қуйидаги ҳавола орқали ўтиб сўровда қатнашиш мумкин:

"COVID-19" пандемияси даврида тадбиркорлар фаолияти

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид