Ўзбекистон | 09:57 / 20.04.2020
6412
8 дақиқада ўқилади

Жиззахда 116,3 минг гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилади 

Жиззах вилояти ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади

Фото: Виталий Тимкив

Президентнинг “Жиззах вилояти ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020–2022 йилларда Жиззах вилояти ҳудудларининг жами 116,3 минг гектар ер майдонларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар:

Жиззах вилояти ҳудудларини 2020–2022 йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари;

Жиззах вилояти ҳудудларини 2020–2022 йилларда сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ва иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари;

Жиззах вилояти ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришда 2020–2022 йиллар давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Жиззах вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳудудларни ихтисослаштириш кўрсаткичларини ва “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқларни самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминласин ҳамда натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда маълумот киритиб боради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг:

кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлари барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан (ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно) озод этиш;

четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб суғориш тизимлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод этиш бўйича имтиёзларини 2023 йил 1 январга қадар узайтириш таклифлари маъқулланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

боғдорчилик хўжаликларида ташкил қилинадиган ҳар 35 гектар интенсив боғ ва токзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуриш ишлари учун 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия маблағларини ажратиш тартиби жорий этилганлиги инобатга олинади;

сувдан фойдаланиш мақсадида туташ ҳудудларда жойлашган бир неча фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўзаро келишуви асосида сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш насос станциясини қуриш учун ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилиши белгиланади.

Жиззах вилояти ҳокимлиги:

а) туман ҳокимликлари ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳудудларнинг ер майдонларини ихтисослашувдан келиб чиқиб, ушбу ер майдонларини устувор равишда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёнини ҳамда инновацион ва ресурстежамкор технологияларни қўллашни ўз ичига олган агрокластерларни ташкил этувчи салоҳиятли ташаббускор, фермер хўжалиги ва бошқа субъектларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун танлов асосида ажратиш чораларини кўради;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:

ихтисослаштирилаётган ҳудудларда яхлитликка жиддий эътибор қаратган ҳолда тегишли қишлоқ хўжалиги экинларини турларига қараб плантация шаклида экспортбоп экин турларини жойлаштириш ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини ва бажарилишини;

картошканинг маҳаллий навларини селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида сув таъминоти ва инфраструктураси мавжуд бўлган Зомин туманидаги денгиз сатҳидан 1–1,5 минг метр баландликда бўлган Қорамозор ҳудудидан 20 гектар ер майдонини Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти балансига ўтказилишини таъминлайди;

в) Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Зафаробод тумани Ф.Хўжаев массивида Жазони ижро этиш муассасаси бош бошқармасининг 30-сон манзилли колониясига қарашли 635 гектар самарасиз фойдаланиб келинаётган сувли ер экин майдонини 2 400 бошли гўшт йўналишидаги чорва комплексини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш шарти билан ташаббускорларга ажратиб бериш чораларини кўради;

г) Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси билан биргаликда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Зомин, Мирзачўл, Пахтакор ҳамда Ш.Рашидов туманларида, уларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, транспорт ва инфратузилма объектлари ҳолати ва туташ туманларнинг маҳсулот етиштириш ҳажмларини инобатга олиб йирик агрологистик марказларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастурини тасдиқлайди ва бажарилишини таъминлайди;

д) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчиликни ривожлантириш агентлиги, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, тижорат банклари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда 2020 йил давомида ташкил этиладиган инвестицион лойиҳалар бўйича, шунингдек, ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил учун ташкил этиладиган лойиҳаларнинг манзилли дастурини тасдиқлайди ва бажарилиши юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган материаллар киритади;

е) Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда манзилли дастурни молиялаштиришда тижорат банкларининг кредит маблағлари, халқаро молия институтларининг кредит линиялари ва хорижий инвестор маблағларини жалб этиш чораларини кўради. Бунда:

тижорат банклари томонидан лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан айланма маблағларини шакллантиришга кредитлар ажратишда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилсиз даври ҳамда барпо этилаётган қувватларни ташкил этиш даврига кредитнинг асосий тўловидан имтиёзли давр берилади;

ҳар бир тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан биргаликда халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан Жиззах вилоятига мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун лимитлар миқдорини аниқлаб вилоят ҳокимлигига тақдим этади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда мева-сабзавотчилик ва узумчилик, замонавий иссиқхоналарда маҳсулотларни етиштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан Жиззах политехника институти таркибида Тошкент давлат аграр университетининг мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган кафедралари филиалини ташкил этади.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари ажратиш таклифини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид