Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов билан коронавирус пандемияси шароитида банк тизимининг барқарор фаолият юритиши, банклар томонидан иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда валюта курси, инфляция кўрсаткичлари барқарорлиги масалаларида суҳбат уюштирди.
— Бу савол мендан эмас, кўп минг сонли банкирлар номидан. Биламиз, Марказий банк бюджет ташкилоти эмас, қонунга кўра регулятор барча харажат ва даромадларида мустақил. Карантин вақтида ва ундан кейин харажатларни оптималлаштиришни мақсад қилиб Марказий банк ходимлари маошларини камайтириш кўзда тутилмаяптими? Ва умуман, сизнингча, бу борада, хусусан Марказий банк пруденциал назорати остидаги тижорат ташкилотларига маошларни камайтириш борасида қандайдир оғзаки, норасмий ёки расмий топшириқ ёки босим ўтказилмайдими? Иқтисодчи сифатида ҳам фикрингизни билмоқчиман, маошларни ёппасига камайтириш иқтисодиётга фойда берадими ёки зиён?
— Йўқ, бюджет ходимларининг ойлигини қисқартириш – масаланинг ечими эмас. Эътибор берган бўлсангиз, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ инқирозга қарши курашиш бизда бюджетдан ташқари инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан амалга ошириляпти. Ўз-ўзидан бюджетга таъсири бўлмайди, бюджетга оғирлиги йўқ. Яъни қилинадиган барча қўшимча харажатлар жамғармадан қилинади. Дастуримиз шуниси билан бошқа давлатлардаги дастурлардан нисбатан фарқ қилади.
Яъни агар биз ҳозир бюджетдаги бор даромадни фавқулодда пайдо бўладиган харажатларга сарфлайдиган бўлсак, унда қайсидир харажатни қисқартириш масаласи қўйилиши мумкин.
Лекин, менимча, ҳукумат ҳам бу нарсага бораётгани йўқ. Ойликлар қандай бўлса, шундайлигича тўлиқ сақланиб қолади.
Бу суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимиздек, талабни белгиловчи омил. Одамлар ўзи қийналяпти, мажбурий таътилда ўтириб, фаолиятини чеклаб. Шундай шароитда ҳукумат бундай чора қўллаш нияти ҳам йўқ, хаёлида ҳам йўқ.
Энди бевосита банк тизимига келадиган бўлсак, банк тизимини мувофиқлаштирувчи орган сифатида, ходимларнинг ойликлари нуқтайи назаридан эмас, харажатлари нуқтайи назаридан қараймиз. Агар оладиган даромадлари келгусида оладиган даромадларини ҳисобга олган тақдирда ҳам харажатларини қопламайдиган бўлса, зарарга кетадиган бўлса, банк кенгашига харажатларни оптималлаштириш бўйича кўрсатма беришимиз мумкин. Бунда биз ойликми ёки бошқа харажатларни қисқартиришни банкнинг ўзи ҳал қилади. Биз умумий харажатларни назарда тутамиз. Банк фаолияти унинг капиталини камайтиришга, яъни зарарини капитали ҳисобидан қоплашга олиб келмаслиги керак.














