Жаҳон | 18:00 / 21.04.2020
48720
6 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин қаерда? Сеул ва Пекин унинг аҳволи оғирлиги ҳақдаги хабарларни рад этди

Ким Чен Ин 12 апрель кунидан буён оммага кўриниш бермаяпти, Жанубий Кореядаги нашрлар эса КХДР раҳбарининг соғлиги юрагидаги жарроҳлик амалиётидан кейин кескин ёмонлашгани ва у ҳозирда оғир аҳволда қолаётгани ҳақида хабар тарқатди. Жанубий Корея ҳукумати эса бу хабарларни рад этган.

Фото: Reuters

Қайд этиш керакки, бу Ким Чен Иннинг соғлиги бўйича биринчи марта миш-мишлар тўлқини тарқалиши эмас, ўтмишда тарқалган шундай хабарларнинг барчаси рад этилган.

Корея Республикаси президенти маъмурияти вакилининг маълум қилишича, КХДРдан 36 ёшли давлат раҳбарининг аҳволи оғирлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.

Миш-мишлар қандай пайдо бўлди?
15 апрель куни Ким Чен Ин КХДР асосчиси, ўз бобоси Ким Ир Сеннинг туғилган куни муносабати билан уюштирилган маросимда иштирок этмади. Бу мамлакатдаги асосий байрамлардан бири ҳисобланади.

Ким Чен Ин бунгача ҳеч қачон ушбу байрамни ўтказиб юбормаганди, шу туфайли кўпчилик давлат раҳбари бу тадбирни шунчаки ўтказиб юбормаган деб ҳисобламоқда.

Унинг йўқлиги турли миш-мишларни келтириб чиқармоқда, аммо бундай хабарларнинг ҳеч бирини тасдиқлаб бўлмайди.

Ким Чен Ин сўнгги марта 12 апрель куни КХДРнинг расмий янгиликларида кўриниш берганди. Хабарда у авиация гуруҳи машғулотларини текширгани кўрсатилган, аммо бу воқеа қачон бўлгани келтирилмаган. Фотосуратларда шимоллик корейслар етакчиси ҳар доимги каби хотиржам кўринади.

Давлат нашрларида ҳам у шу куни сиёсий йиғилишлардан бирида раҳбарлик қилгани айтилади. Аммо шундан кейин у матбуотда кўринмай қолган.

Ким Чен Ин бобосининг туғилган куни тадбирларида кўринмагач миш-мишлар урчиди / EPA

Ўтган ҳафтада КХДРда навбатдаги ядровий синов ўтказилган, аммо давлат раҳбарининг иштироки ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, ҳолбуки у ракеталар учирилишини ҳеч қачон ўтказиб юбормасди.

КХДР - дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бири ҳисобланади; январь ойидан буён мамлакат Covid-19 пандемияси туфайли ўз чегараларини тўлиқ ёпиб қўйган.

Шимолий Корея ҳақида ёзиш жуда мураккаб бўлиб, шу туфайли бу мамлакат ҳаёти ҳақида турли миш-мишлар тарқалади.

Касааллик ҳақидаги илк хабар
Ким Чен Ин бетоблиги ҳақидаги илк хабар сешанба куни КХДРдан қочиб кетган шахс томонидан юритиладиган янгиликлар сайтида пайдо бўлди.

Ўз шахси сир қолишини истаган манба Daily NK нашрига, шимолий кореяликлар етакчисида «ҳаддан ортиқ кўп чекиш, семизлик ва толиқиш» билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлгани, унинг аҳволи Пэктусан тоғига бир неча ташрифлардан сўнг ёмонлаша бошлагани, унинг юрак-қон томир тизимига боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ҳақида айтган.

Бу хабар аввалига бир аноним манбага асосланганди, кейинроқ бошқа янгиликлар сайтлари ва халқаро нашрларда тарқалди.

Хусусан, CNN телеканали исмини ошкор қилмаган америкалик амалдорга таяниб АҚШ КХДР етакчисига оид разведка маълумотларини ўрганаётгани ҳақида хабар тарқатди. Америка нашри сарлавҳасида Ким Чен Иннинг аҳволи жарроҳлик амалиётидан сўнг ёмонлашгани айтилади. Телеканалнинг бошқа манбалари ҳам Шимолий Корея етакчисининг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаган, бироқ Ким Чен Иннинг соғлиғи қанчалик хавф остида эканлигини баҳолаш имконсиз.

Кейин эса Жанубий Корея ва АҚШ разведка хизматлари бу хабарларни рад этиб чиқди.

Жанубий Корея ҳукумати бу хабарларни расман рад этди. Reuters агентлигининг Хитой разведкасидаги манбалари ҳам бу хабарлар асослилигига шубҳа билдирди.

Ким Чен Инни охирги марта 12 апрель куни кўрсатишган / REUTERS

Аммо, қайд этиш керакки, Ким Чен Иннинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилгани тўғрисидаги маълумотни ҳозирча ҳеч ким рад этмаяпти.

Пекин ва Сеул фақатгина Шимолий Корея раҳбари оғир аҳволда экани тўғрисидаги маълумотларга раддия бермоқда.

КХДРда мамлакат аҳолисига давлат раҳбарининг соғлиги тўғрисида маълумот бериб бориш амалиёти йўқ.

Бу Ким биринчи марта ғойиб бўлиши эмас
2014 йилда Ким Чен Ин 40 кун давомида оммага кўриниш бермаган ва бу ҳам миш-мишлар оқимига йўл очиб берганди. Ҳатто у давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятдан четлатилгани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлганди.

Ким қайтган - аммо ҳасса таяниб олганди. Давлат нашрлари олий етакчи «жисмоний жиҳатдан ўзини ноқулай ҳис қилаётгани»ни тан олган, аммо унда подагра (моддалар алмашинуви туфайли юз берадиган, бўғинларни қизишгандай зирқиратиб оғритадиган касаллик) кузатилгани тўғрисидаги хабарлар рад этилганди.

2014 йилдаги қайтишида Ким омма олдида ҳасса билан пайдо бўлганди / AFP

Кимнинг вориси борми?
Шимолий Корея етакчиси тўсатдан вафот этса, ворислик тартиби қандай бўлиши ҳақида маълум эмас. Ким Чен Иннинг ўзи отаси томонидан Кимлар сулоласи давомийлигини таъминлаш учун йиллар давомида давлат раҳбари лавозимига тайёрлаб борилганди.

Давлат раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон имконияти нисбатан юқори бўлган номзоддир. У жамоатчилик учун яхши таниш, унинг ўзи ҳам жамоатчилик ишларида фаол. У акаси билан бирга кўплаб муҳим тадбирларда иштирок этади.

Аммо ҳозирча расмий Пхеньяннинг давлат раҳарининг аҳволи тўғрисидаги расмий баёнотини кутиш керак бўлади.

Айтишларича, Ким Чен Ир ворисини йиллар давомида ҳокимиятга тайёрлаган
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид