«Ўзкомназорат»: нақдсиз шаклда тўловлар ҳажми ошгани туфайли ахборот соҳасида фирибгарлар фаоллашиши мумкин
Ўзбекистонда фирибгарлар пенсия ва нафақаларнинг тўлиқ пластик картага ўтказилишидан фойдаланиши мумкинлиги маълум қилинди
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тўлиқ пластик картага тушириб бериш йўли билан амалга оширилиши маълум қилинди.
Биринчи босқичда май ойидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида пенсияни пластик картага тўлиқ тушириб бериш бошланади. Кейинги ойларда ушбу тартиб босқичма-босқич бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади. Пенсия жамғармаси маълумоти бўйича ҳозирги кунда пенсия ва нафақа олаётган фуқаролар тахминан 3,7 миллион нафарни ташкил қилади.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабарига кўра, аҳолининг ушбу қатлами пластик карталардан фойдаланиш ҳақида етарлича ахборотга эга бўлмаганлиги туфайли маблағлари банк карталарида сақланиши бошланганидан кейин тармоқларда жиноятчиларнинг фирибгарлик схемаларига алданиб қолиши мумкин.
“Хорижий давлатларда фирибгарларнинг банк номидан қўнғироқ қилиб, кам таъминланган оилалар учун хайрия акцияси ўтказилаётгани ҳақидаги ёлғон ахборот билан фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни ўзлаштиришга уриниши, карта рақами ва унинг амал қилиш муддати ҳақида сўраши, SMS-хабарнома орқали келган сирли кодни билиб олиб кейинчалик уларнинг электрон ҳисоб рақамидаги пулларни ўғирлаш ҳолатлари учраши мумкинлиги айтилмоқда.
Аввал ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога ҳафтасига 300 минг сўмдан берилиши” ҳақидаги хабарлар “фейк” хабарларга қарши курашиш мақсадида ташкил қилинган Antifake расмий канали томонидан ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилинганди.
Аҳолининг электрон маблағларни бошқаришни у қадар яхши ўзлаштирмаган қатлами яъни пенсионерлар ва ногиронларда банк пластик карталарининг сонининг кўпайиши оқибатида жиноятчиларнинг турли йўллар билан фирибгарлик қилиб банк пластик карталарининг рақамларини билиб олиши, ўзини ижтимоий хизматлар номидан сўров юбориб, карантин вақтида картага махсус ижтимоий ёрдам пули тушириб беришни ваъда қилиб одамларнинг пулларини ўзлаштириши мумкин.
“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси фуқаролардан фирибгарларнинг бу каби “фейк” SMS хабарномаларига алданмасликни, шахсий маълумотларни ва муҳим ахборотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик, бегона одамларга бермасликни, кекса ёшдаги яқинларни ҳам бу каби хавфли ҳаракатлар ҳақида огоҳлантиришни, коронавирус пандемиясига қарши ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги хабар ҳамда янгиликларни расмий ёки ишончли манбалардан олишни сўрайди”, - дейилади хабарда.
Мавзуга оид
18:45 / 21.11.2022
Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди
18:45 / 27.04.2022
«Ўзкомназорат»га янги раҳбар тайинланди
08:42 / 19.02.2022
АОКАнинг айрим ваколатлари «Ўзкомназорат»га берилади
07:36 / 09.12.2021