Ўзбекистон | 16:44 / 22.04.2020
4438
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари учун белгиланган тартиб такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибининг такомиллаштирилиши ҳамда яратилаётган электрон тизим имкониятларидан келиб чиқиб, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари учун белгиланган тартиботларни такомиллаштирилади.

«Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, ИИВ икки ой ичида фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари учун белгиланган тартиботларни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши лозимлиги белгиланган.

Бундан ташқари, ИИВ 2021 йил 1 январга қадар шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини юритиш тизимини йўлга қўяди ва ички ишлар органлари тизимида мавжуд ҳужжатлар ва маълумотларни фуқаролардан талаб қилмаслик бўйича чоралар кўриш, шунингдек, бир ой муддатда президент фармони ижроси юзасидан фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар асосида тизимли мониторинг олиб бориш мақсадида ўз веб-сайтида тушган мурожаатларнинг мазмуни барчага очиқ бўлган ва уларни муҳокама этиш имконини берадиган махсус саҳифа ишга туширилишини таъминлаши ҳамда зарурат бўлганда идоралараро маълумот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириши керак.

Ҳужжатда ИИВ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой ичида паспорт режимини бузиш ҳолатларини аниқлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши, вазирлик томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги фармонга мувофиқлаштириши вазифа этиб белгиланган.

Фармонда қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта ичида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаши, бир ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришларни қонун ҳужжатларига киритиш чораларини кўриши лозим.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид