Ўзбекистон | 19:52 / 22.04.2020
13943
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Хўжаев совуқ уриши натижасида қанча чигит майдони зарарлангани ҳақида маълумот берди

9-12 апрель кунлари Ўзбекистонда кузатилган совуқ об-ҳаво республикада чигит экилган майдонларнинг 2,7 фоизини зарарлаган ва бу майдонларда қайта чигит экишга эҳтиёж бор.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда соҳага оид бир қанча долзарб саволларга жавоб берди. Вазир суҳбат давомида 9-12 апрель кунлари Ўзбекистонда кузатилган совуқ об-ҳаво оқибатида қанча ғалла ва чигит майдонларнинг зарарлангани ҳақида маълумот берди.

«Бизда экиладиган ғалла совуққа чидамли ҳисобланади. Қор ёғган пайтда ғалла ҳали бошоқламаган эди. Биз республиканинг бирор жойида ғаллага совуқнинг салбий таъсирини кўрмадик. Тўғри, айрим жойларда ғалла ётиб қолган, лекин мана икки-уч кундирки, илиқ об-ҳаво натижасида ётиб қолган ғалла жойига қайтди. 

Чигитга таъсири ҳақида. Бугунги кунда Ўзбекистонда чигит экиладиган 1 млн гектар майдоннинг 820 минг гектари, ёки 80 фоиздан ортиқ қисмига чигит экиб бўлганмиз. Уч-тўрт кунда ҳаво ҳарорати анча кўтарилгани учун ҳозир далаларда жуда кўп техникалар ишлаяпти ва чигит экиш давом этяпти. Умуман олганда совуқ уриши натижасида 2,7 фоиз ғўза майдони зарар кўрди.

Мана шунча майдонда чигитни қайта экишга эҳтиёж бор. Бу жараён ҳам ҳозир бошлаб юборилган.

Униб чиққан чигитнинг зарарланиш ҳолатлари асосан Андижон ва Сурхондарё ҳудудига тўғри келмоқда», – дея Жамшид Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид